ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

Самарқандда Ислом Каримов мақбара мажмуаси очилди


30.01.2018

Мамлакатимизда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллиги кенг нишонланмоқда. 

Буюк давлат ва жамоат арбоби туғилиб ўсган Самарқанд шаҳрида 30 январь куни Ислом Каримов хотирасига атаб бунёд этилган мақбара мажмуасининг очилиш маросими бўлиб ўтди. 

Тадбирда мамлакатимиз жамоатчилиги вакиллари, юртимизнинг барча ҳудудларидан келган фаоллар, нуронийлар, ёшлар иштирок этди. 

Маросимда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади. 

Давлатимиз раҳбари мамлакатимиз мустақиллиги ва янги давлатчилигимиз асосчиси, буюк сиёсатчи ва оқил ислоҳотчи Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси тараққиёти, халқимиз фаровонлиги йўлида амалга оширган ишлари Ватанимиз тарихида ўчмас из қолдирганини таъкидлади. 

Мустақил Ўзбекистон Республикасининг 25 йил ичида ички ва ташқи сиёсатда ўз йўлини танлаб, халқаро ҳамжамиятда муносиб ўрин ва мавқега эга бўлиши, дунё давлатлари билан тинчлик-барқарорлик, тенглик ва ўзаро манфаатдорликка асосланган ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишида Биринчи Президентимизнинг пухта ўйланган қарорлари муҳим аҳамият касб этди. 

Ислом Каримовнинг мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, давлатимиз тараққиёти йўлида ўз ҳузур-ҳаловатидан кечиб, юксак фидойилик кўрсатиб, меҳнат қилгани халқимиз учун ибрат намунаси бўлиб қолди. 

Буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Каримов 2016 йил 3 сентябрь куни ўз васиятига кўра, Самарқанд шаҳридаги Ҳазрати Хизр масжиди мажмуасида дафн этилган эди. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бу ерда Биринчи Президентимизнинг давлатимиз ва халқимиз олдидаги буюк хизматларига муносиб улуғвор мақбара мажмуаси қуришга қарор қилинди. 

“Бу табаррук маскан Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, буюк давлат ва сиёсат арбоби, ўзбек халқининг азиз ва ардоқли фарзанди Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг мангу оромгоҳидир”. 

Ушбу сўзлар мажмуага кираверишда ўрнатилган мармар лавҳада ўзбек ва инглиз тилларида ёзиб қўйилган. 

Ёдгорлик мажмуасини барпо этиш ишлари ЮНЕСКО ташкилоти билан ҳамкорликда амалга оширилди ва бутун жаҳон маданий меросининг объектларидан бири ҳисобланган Ҳазрати Хизр масжидига уйғун мақбара лойиҳаси тасдиқланди. 

Мажмуа қурилишига юртимизнинг турли ҳудудларидан маҳоратли қурувчилар, уста ва ҳунармандлар жалб этилди. Мақбара учун хориждан қимматбаҳо тошлар, айвон устунлари ва зина панжаралари, ёзувли оқ оникс ва оникс тошлари келтирилди. 

Мақбара ичида оқ қабр тоши ўрнатилди. Деворлар қимматбаҳо тошлар билан безатилиб, уларга олтин суви билан ишлов берилди. Мақбаранинг пастки қисми яшил оникс тошлар билан қопланган. Гумбази Ҳазрати Хизр мажмуаси билан ҳамоҳанг тарзда барпо этилди. 

Мажмуа ҳудудида миллий услубдаги айвон бунёд этилди. Бу ерда зиёратга келувчилар учун ҳар томонлама қулай шароит яратилган, ўриндиқлар қўйилган. Айвон пештоқларида Қуръони карим оятлари ҳамда Ислом Каримовнинг ҳикматли сўзлари ўзбек, араб ва инглиз тилларида ёзилган. 

Зиёратчиларга қулайлик яратиш мақсадида лифт, имконияти чекланганлар учун кўтаргич мосламалар ўрнатилди. Замонавий тунги ёритиш тизими яратилди. Ислом Каримов кўчасини мажмуа билан боғловчи кўприк барпо этилди. 

Қурилиш жараёнида Ҳазрати Хизр масжиди ҳам реставрация қилинди, минора керамика тошлари билан безатилди. Мажмуага олиб борувчи йўлакларга гранит тош терилди. Бельгиядан келтирилган каштан (қорақайин), талпа, шунингдек, Қрим қарағайи, можжевельник (қора арча), бутасимон дарахтлар экилди, яшил майсазорлар ташкил этилди. 

Давлатимиз раҳбари кейинги бир йилдан кўпроқ вақт давомида Самарқандга ҳар бир ташрифи чоғида мажмуа қурилиши жараёни билан яқиндан танишди. Ушбу масканни юртимизнинг энг қутлуғ қадамжоларидан бири сифатида обод қилиш, зиёратчилар учун ҳар томонлама қулай шароитлар яратиш борасида маслаҳат ва тавсиялар берди. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ислом Каримов мақбарасини зиёрат қилиб, Биринчи Президентимиз хотирасига ҳурмат бажо келтирди. Қуръон тиловат қилинди. 

Меҳнат фахрийси Тўлқин Аҳмаджонов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоира Хосият Бобомуродова, Самарқанд шаҳридаги Ғафур Ғулом номидаги маҳалла фуқаролар йиғини раиси Олимжон Ғафуров, Биринчи Президентимиз рафиқаси Татьяна Каримова ушбу мажмуа давлатимиз ва халқимизнинг Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига бўлган юксак ҳурмат-эҳтироми сифатида қутлуғ зиёратгоҳ бўлишини таъкидлади. 

Тадбир иштирокчилари мақбарани зиёрат қилиб, гуллар қўйдилар. 

Маросимдан сўнг давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Регистон майдони яқинида ўрнатилган Ислом Каримов ҳайкали пойига гул қўйди. Самарқанд шаҳридаги Форумлар мажмуасида ташкил этилган эҳсон ошида иштирок этди. 

Шу куни Ислом Каримов мақбара мажмуасига Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳридан келган фаоллар, кенг жамоатчилик, турли идора ва ташкилотлар вакиллари, Самарқанд вилояти аҳолиси томонидан гуллар қўйилди. Биринчи Президентимизнинг порлоқ хотираси ёд этилиб, Қуръон тиловат қилинди. 

 

Матназар Элмуродов, Ғолиб Ҳасанов, ЎзА