ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

Буюк инсонга юксак эҳтиром рамзи


14.12.2017

2 сентябрь куни Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Каримовнинг ҳайкали тантанали очилди. Ушбу маросимда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг иштирок этиши ва нутқ сўзлаши барча самарқандликларни тўлқинлантириб юборди.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, Биринчи Президентимиз бутун Ўзбекистонимиз каби, унинг бебаҳо гавҳари бўлган Самарқанд заминини фарзандлик меҳри билан чин дилдан севар эди. Самарқандни дунёдаги энг гўзал шаҳарлардан бирига, ҳақиқатан ҳам ер юзининг сайқалига айлантириш йўлида улкан ишларни амалга оширди.

– Қарийб уч минг йиллик тарихга эга Самарқанд ўз ўтмиши давомида кўп воқеаларга гувоҳ бўлган, вайронгарчилик ва бунёдкорликларни бошидан кечирган, – дейди "Нуроний" жамғармаси Самарқанд вилояти бўлими раиси Ҳ.Нормуродов. – Айниқса, соҳибқирон Амир Темур даврида Самарқанд нафақат қудратли давлат пойтахти, балки илм-фан, маданият маркази сифатида дунё миқёсида довруқ қозонди. Темурийлардан сўнг бу шаҳар бошига яна кўп кулфатлар тушган бўлса-да орадан олти аср ўтиб шу заминнинг асл фарзанди, буюк бунёдкор Ислом Каримов Самарқанднинг шуҳратини оламга ёйди. Ватанимиз мустақиллигининг дастлабки йиллариданоқ шаҳарда мисли кўрилмаган бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари бошланди. Бундай саъй-ҳаракатлар аввало, собиқ мустабид тузум даврида халқимиз қалбидан хотирасини ўчиришга уринилган соҳибқирон Амир Темур номини улуғлаш, буюк аждодимиз хотирасини шаъну шавкатига муносиб тарзда ўз ўрнига қўйиш билан бошланди. Одамлар кўзидан яшириш мақсадида паст-баланд бино ва иншоотлар орасида қолиб кетган Амир Темур мақбараси атрофи обод  этилиб, кўркам хиёбон ташкил этилди. Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг ғоя ва ташаббуслари асосида соҳибқирон бобомизнинг улуғвор сиймоси акс этган ҳайкали яратилиб, ўзи бунёд этган обидаларга мамнун боқиб тургандек ўрнатилди. Улуғ Юртбошимиз Регистон майдони атрофи, Мирзо Улуғбек расадхонаси, Шоҳи Зинда ёдгорлик мажмуи, Имом Мотурудий, Ҳазрати Хизр зиёратгоҳлари ва шаҳарнинг бошқа ҳудудларида ҳам бундай бунёдкорлик ишларига бош-қош бўлдилар. Бугун Регистон майдони ёнида, Ислом Каримов туғилиб ўсган хонадон яқинида у кишига ўрнатилган ҳайкалга қараб, Ислом Каримов ҳам ўз она-шаҳарини янада обод қилиб, бағрикенг ва бунёдкор халқимизга буюк келажакни яратишда руҳий мадад бериб тургандек, кўринди кўзимга.

Буюк Юртбошимизнинг сиймоси акс этган ҳайкал ўрнатилганидан буён бу ер юртдошларимиз, хорижлик меҳмонлар билан гавжум. Улар Ислом Каримов ҳайкали пойига гуллар қўйиб, улуғ инсон хотирасига ҳурмат-эҳтиромини ифода этмоқда.

– Ушбу масканни зиёрат қилиш, Биринчи Президентимизни ёд этиш учун бу ерга келдик, – дейди Сурхондарё вилояти Қизириқ туманида яшовчи Холбой Мардаев. – Дунёга машҳур Регистон майдонига муносиб, улуғвор ҳайкал бунёд этилибди. Буюк йўлбошчимиз ҳайкали пойи гулларга тўлиб кетгани, бу ердан кишилар қадам узилмаётгани халқимизнинг у кишига бўлган чексиз меҳр-муҳаббати, ҳурмат-эҳтироми ифодасидир. Орадан йиллар, асрлар ўтади, лекин бугунги ва келажак авлодлар Ислом Каримовни Ўзбекистон деб аталмиш мустақил давлатнинг асосчиси, халқимизни ёруғ кунларга бошлаган буюк етакчи, узоқни кўра биладиган сиёсатчи сифатида ёд этади. Бизнинг қалбимизда бугун ана шундай ўйлар, ҳис-туйғулар кечмоқда.

– Ҳайкалнинг очилиш маросимида Президентимиз Шавкат Мирзиёев биз – ҳаммамиз, эгаллаб турган вазифамиз, касбимиздан қатъи назар, ўзимиз фаолият кўрсатаётган соҳада Ватанимизга, халқимизга, Биринчи Президентимизга доимо муносиб бўлишимиз керак, деб таъкидладилар, – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Самарқанд вилояти бўлими фаоли Фарангиз Худоёрова. – Бу фикрлар, айниқса, биз – ёшлар зиммасига жуда катта масъулият юклайди. Чунки, Биринчи Президентимиз бизни ўз фарзандларим, дер эдилар, бизнинг ҳеч кимдан кам бўлмаслигимиз учун барча шарт-шароит ва имкониятларни яратиб, маррани баланд олиб яшашга даъват этардилар. Фарзандлар ота-оналари ишончини оқлаш, улар шаънини ҳимоя қилишга интилишлари каби биз ҳам Ислом Каримов фарзандлари деган номга муносиб бўлишимиз, у киши бошлаган ишларни давом эттиришимиз ва Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ишончларини оқлашимиз лозим.

Ғолиб Ҳасанов