Истиқлол тиклаган қадриятлар қаторида, Буюк саркарда Амир Темурнинг номи аждодларга эҳтиромнинг ёрқин намунаси сифатида алоҳида ўринга эга.
Бу йил ҳам мамлакатимиз тарихида муносиб ўрин тутган бу буюк зотнинг таваллуд куни юртимизда кенг нишонланмоқда.
Шўро замонида Амир Темур бошқарувига оид ёрқин саҳифалар атайин ёдга олинмаган, унинг фаолияти бирёқлама, нохолис тадқиқ этилиб, фақат унинг ҳарбий юришларига урғу берилган. 1991 йили Ўзбекистон мустақил давлатга айлангач, Ислом Каримовнинг саъй-ҳаракатлари билан тарихий адолат қарор топиб, Соҳибқироннинг улуғвор сиймоси бор бўй-басти ила намоён бўлди. Тошкентда Амир Темур ҳайкали қад ростлади.
1996 йили Биринчи Президентимиз ташаббуси билан, ЮНЕСКО шафелигида буюк саркарда таваллудининг 660 йиллигига бағишланган бир қатор тадбирлар ўтказилди.Самарқанд ва Шаҳрисабзда буюк аждодимиз ҳайкаллари ўрнатилди, Темурийлар тарихи давлат музейи барпо этилди, халқаро илмий анжуман ташкил қилинди. Қолаверса, Амир Темур ҳаёти ва фаолияти ҳақида ҳикоя қилувчи “Темур тузуклари”, “Зафарнома” каби асарлар, мақолалар ҳамда бошқа нашрлар дунё юзини кўрди.
Буюк бобомизнинг «Куч адолатда» деган иборалари муҳрланган Амир Темур ордени таъсис этилган. Ҳозирда мамлакатимизда Амир Темур номидаги халқаро хайрия жамғармаси фаолият юритиб келмоқда.
1996 йили Ислом Каримов расмий ташриф билан Парижга сафар қилган. Ташриф асносида, Биринчи Президентимиз ЮНЕСКО бош қароргоҳида “Темурийлар даврида илм-фан, маданият ва маорифнинг гуллаб-яшнаши” ҳафталиги доирасида ташкил этилган илмий анжуман ва кўргазмада иштирок этган.
Кўргазманинг очилиш маросими расмий учрашувларнинг эртасига бўлиб ўтди. Шу куни кутилмаганда кўргазмага Франция Президенти Жак Ширак ташриф буюрмоқчи экани ҳақида хабар келиб қолди. Президент Ширак келган пайтда ҳудудни тезкорлик билан ўраб олган француз хавфсизлик хизмати экскурсоводларни залга киритмаган. Ислом Абдуғаниевич вазиятдан чиқиш учун ташаббус кўрсатиб, ўзлари юқори мартабали меҳмонни кўргазма зали бўйлаб олиб юриб, ҳар бир экспонат ҳақида батафсил ҳикоя қилиб бердилар.
Термурийлар даври тарихи ҳақидаги 40 дақиқалик экскурсдан кейин Жак Ширак Ислом Каримовнинг тарих борасидаги чуқур билимига тан берди. Сал кейинроқ Франция етакчиси Амир Темур ва Темурийлар даврига ғоят қизиқиб қолгани, Ўзбекистон Президенти каби ўз мамлакати тарихини чуқур ўрганишни кўнглига тукканини эътироф этди.
Бу – Соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг шуҳратини халқаро майдонда танитиш йўлидаги дастлабки қадамлар эди.
«Биз ҳеч кимдан кам бўлмаганмиз, кам бўлмаймиз ҳам». Ислом Каримовнинг мазкур пурмаъно ибораси замирида Амир Темурдек аждодлари бор юрт фарзандлари мардлик, ватанпарварлик, оқиллик ва одиллик борасида бошқаларга доимо ибрат бўлиши назарда тутилган.
Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, тарихи буюк юртнинг келажаги ҳам буюк бўлади.