ISLOM KARIMOV ILMIY-MA’RIFIY MAJMUASI

Садоқатингиз олдида таъзимдамиз! Татьяна Акбаровна Каримова 75 ёшни қаршилади.


26.08.2023

Буюк инсонларнинг тақдири, уларнинг шахс сифатида шаклланиши хақида сўз борганда жуда кўп омиллар тилга олинади. Туғилиб ўсган жойи, оилавий муҳит, билим олган даргоҳлари, устозлари, сафдошлари ва лавозим пиллапояларидан кўтарилганида ҳамнафас, ҳамфикр бўлган инсонлар шулар жумласидандир.
Иқтидор, тафаккур, шижоат, кучли ирода, қатъийлик, узоқни кўра билиш қобилиятига эга буюк етакчиларнинг ҳаёти ва фаолияти ҳамиша эл назарида бўлади. Таниқли давлат арбоблари ва сиёсатшунослар, тарихчи олимлар, ёзувчи ва шоирларнинг эътиборида туради.
Лекин, бутун умри давомида ана шу буюк инсонлар билан ёнма-ён туриб яшаган, уларнинг кувончу-ташвишларини баробар баҳам кўрган, кези келганда яқин маслакдоши бўлган инсонларнинг номини тилга олиш, уларнинг садоқати, сабри ва матонатини улуғлаш борасида бирмунча қарздор бўлиб қолгандекмиз.
Татьяна Акбаровна Каримова... Мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг рафиқаси. Ортиқча ҳашаматсиз ва лекин дид билан танланган либосда, сочлари соддагина турмакланган, кўзлари доимо кулиб турадиган, юзидан файз уфуриб турадиган бу мўътабар аёлни одамлар Ислом Каримовнинг хорижий сафарлари давомида, юртимизга чет эллик олий мартабали меҳмонлар ташриф буюрган пайтларда телевидение орқали кўрганлар, таниганлар.
У кишини яқиндан билганлар Татьяна Акбарованинг феъли, инсоний ҳислатлари, хушмуомалалиги, одамгарчилиги, камтарлиги олдида бош эгадилар. Унинг дунёқараши, билими ва иқтидори, ўз қадрини билгани холда бошқаларни қадрлай олиш қобилияти кўпчилик учун ибратдир.
Татьяна Акбаровна Ислом Каримов ҳаётлигида турмуш уртоғини қандай асраб авайлаб, чексиз ҳурмат кўрсатиб яшаган бўлса, у кишининг вафотидан кейин ҳам хотирасига нисбатан унданда юксак эътибор кўрсатиб келмоқда.
Бугун Татьяна Акбаровна 75 ёшни қаршилади. Қалбида мухаббат ва соғинч туйғулари билан энг яқин кишисининг номини абадийлаштириш йўлидаги харакатлари билан тиним билмайди.
Таваллуд кунингиз муборак бўлсин! Сизга соғлик ва хотиржамлик, оилавий фаровонлик тилаган холда, барча эзгу орзуларингиз рўёбга чиқишини Яратгандан сўраб қоламиз.