ISLOM KARIMOV ILMIY-MA’RIFIY MAJMUASI

Хорижда Ўзбекистон байроғини кўрсам кўзимга ёш келади. Ислом Каримов


18.11.2022

Бугун, 18 ноябрь Ўзбекистон давлат байроғига асос солинган кун.
Ўзбекистон мустақилликка эришганининг дастлабки йилиданоқ — 1991 йил 18 ноябрь куни “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. “Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғи республика давлат суверенитетининг рамзидир”.
Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи, герби ва мадҳиясининг ишлаб чиқилиши ва қабул қилиниши жараёни икки ярим йилдан кўпроқ муддатни ва амалий аҳамиятга эга бўлган бир неча босқичларни ўз ичига олган.

Давлат байроғи, герби ва мадҳиясини қабул қилиш юзасидан конституциявий комиссия, экспертлар гуруҳи ва махсус комиссия тузилди.
1991 йил июнь ойида давлат байроғи ва герби лойиҳасига дастлабки танлов эълон қилинди.
Давлат байроғи ва герби эмблемаларининг вариантлари, мадҳия матни ҳамда мусиқаси матбуотда умумхалқ муҳокамасига қўйилди.
Биринчи Президентимиз Ислом Каримов умумхалқ муҳокамаси давомида тушган таклифларнинг асосий ғояларини мужассамлаштириб, давлат байроғидаги учта асосий рангни – мовий, оқ ва яшил йўл-йўлларни ўз қўли билан чизиб, комиссияга тақдим этди ва унинг ушбу ташаббуси Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғини қабул қилишда асос вазифасини бажарди.
1991 йил 30 сентябрь куни давлат байроғининг эмблемаси парламент қарори билан қабул қилинди, 1991 йил 18 ноябрь
куни парламент томонидан “Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди.

Бугун давлат байроғи нафақат Ўзбекистон бўйлаб кўплаб расмий бино ва жойлар олдида, байрамлар майдонларига, балки дунё бўйлаб — Бирлашган Миллатлар Ташкилоти биноси олдида, Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатлардаги дипломатик, савдо ваколатхоналари ва консуллик муассасалари бинолари олдида Ўзбекистон давлат байроғи ҳилпираб туради.