THE ISLAM KARIMOV ACADEMIC AND EDUCATIONAL COMPLEX

Хабаровск-Тошкент: ҳамкорлик истиқболлари


04.02.2022

     Маълумки, кутубхоналар қадим-қадимдан маънавият ва маърифат ўчоғи, жамият ҳаётининг ажралмас қисми бўлган. Қадимги қўлёзмалар, босма китоблар, тарихий шахслар ҳақидаги манбалар бизгача етиб келганида кутубхоналарнинг хизмати беқиёслигини инкор этиб бўлмайди.

     Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қарори асосида Ёдгорлик мажмуасида ўз фаолиятини бошлаган Ислом Каримов номидаги кутубхона ҳам ана шундай зиё масканларидан бири саналади. Бугун кутубхонанинг фаолиятига нисбатан мамлакат ташқарисида ҳам қизиқиш тобора ортиб, ўзаро ҳамкорликка чорловчи таклифларнинг қатори кенгаймоқда.    

    2 февраль куни Ислом Каримов номли Ёдгорлик мажмуаси ва Тинч океани давлат университети вакиллари ўртасида видиоконференция ўтказилиб, икки томонлама ҳамкорлик имкониятлари муҳокама қилинди.

Музокарада Тинч океани давлат университети проректори Николай Сорокин,  ахборот-таълим Ресурс маркази директори Василий Нильга,  университетнинг халқаро фаолият Бошқармаси бошлиғи Ольга Порва, халқаро ҳамкорлик бўлими бошлиғи Анастасия Сенченколар қатнашди.

Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий мажмуа томонидан Ёдгорлик имажмуаси Васийлик кенгаши аъзоси, Биринчи Президент рафиқаси Татьяна Каримова, мажмуа рахбари Темур Ширинов, мажмуа рахбарининг биринчи ўринбосари Алишер Ишматов, Ислом Каримов номидаги кутубхона мудири Дилором Шукурова, мажмуа матбуот котиби Севара Турсуновалар иштирок этди.

Ўзаро муносабатлар истиқболлари атрофлича муҳокама қилингач, узоқ муддатли ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандум тайёрланганидан сўнг  амалий тадбирлар режасини ишлаб чиқишга келишилди.

 

 

Суратлар Ф. Қурбанбаев томонидан олинган