THE ISLAM KARIMOV ACADEMIC AND EDUCATIONAL COMPLEX

Ҳамиша таъзимдамиз


01.10.2022

1 октябрь - Ўқитувчи ва мураббийлар куни

Ёш авлодни эски замоннинг ақида ва қолипларидан озод,

ҳозирги ўзгарувчан замон билан бирга қадам ташлай оладиган,

мустақил фикр юритадиган, ривожланган давлатлар ёшлари билан ҳам баробар беллаша оладиган,

доимий изланишда бўлган, ўз юрти, ўз халқи билан мағрурланиб яшайдиган қилиб тарбиялашимиз керак”.

Ислом Каримов.

 

Ўзбекистон Республикасининг "Ўқитувчи ва мураббийлар кунини белгилаш тўғрисида"ги Қонуни 1996 йил 27 декабрда Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов томонидан имзоланган.

Янги қонун ушбу байрамда меҳнати қадрланадиган касблар доирасини кенгайтирди. Яъни бу кун нафақат ўқитувчилар, балки барча устоз ва мураббийлар байрами деб белгиланди.

Ислом Каримов мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ ўқитувчиларга алоҳида эътибор қаратди. Халқ таълими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш шартларини тартибга солиш, умумтаълим мактаблари ўқитувчиларининг меҳнатини рағбатлантириш чораларини кўриш бўйича тизимли ишлар давлат сиёсати даражасида олиб борилди.

Ҳар бир инсон, қаерда ишламасин, қандай касб эгаси бўлмасин, унга билим ва тарбия бериб, мустақил ҳаётга йўллаган инсонни ҳурмат билан эсга олади. Ўзининг кўз нури, қалб қўри, бутун борлиғини бағишлаб, барчамизга эзгуликдан сабоқ берган, отадек мўътабар, онадек меҳрибон азиз устозларнинг ҳеч нарса билан ўлчаб, баҳолаб бўлмайдиган машаққатли ва шарафли меҳнати учун ҳар қанча таҳсин ва ташаккурлар айтсак арзийди.  Мураббийлар ҳам худди ўқитувчилар сингари катта маҳорат ва ҳаёт тажрибасига эга бўлган устоз-педагоглардир. Моҳир мураббийлар қўл остида кўплаб ишлаб чиқариш усталари, илғор мутахассислар, меҳнат қаҳрамонлари, тадбиркорлар етишиб чиқади.

Бугунги кунда ҳам ушбу касб эгалари эъзозланиб, ёш авлодни тарбиялашдаги уларнинг фидоий меҳнати юксак қадр топмоқда. Зеро, Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев таъкидлаганларидек: "Сизларнинг ёшларимиз қалби ва онгига она Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини сингдириш, уларни турли таҳдидлардан асраш, комил инсон этиб вояга етказиш йўлидаги беқиёс хизматларингизни барча ота-оналар, жамоатчилигимиз, бутун халқимиз яхши билади ва юксак қадрлайди".

 

 

 

Ф. Курбанбаев олган суратлар.