ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

Ташхўжаев Даврон Одилович, меҳнат фахрийси


Ҳеч кимга сир эмаски, хозирги вақтда космосдан олинган суратлардан фойдаланмаётган бирор-бир соҳа бўлмаса керак, лекин бу натижаларга осонликча эришилгани йўқ.

Ландшафтнинг турли-туманлиги (тоғлар, қирлар, чўллар) ва иқлим шароитининг қулайлиги (ҳаво очиқ, булутсиз) сабабли биринчи вақтларда собиқ Иттифоқда янги космик кемаларга ўрнатилган фотоаппаратларнинг синов ўтказиш даврида олинган суратларининг деярли ҳаммасида, синовдан кейингиларининг тахминан 70% да Ўрта Осиё майдонлари тасвири акс этганди. Шунинг учун Тошкентда 1977 йилда Москва “Табиат” Давлат марказининг Ўзбекистон бўлими ташкил қилинди.

Бўлимнинг зиммасига космик кемаларга ўрнатилиши  режалаштирилган фотоаппаратларни самолёт вариантида синаш,  космосдан олинган суратлардан қандай маълумот олиш мумкинлигини аниқлаш, турли соҳаларга қайси спектрал диапазонда олинган суратлар маъқуллигини аниқлаш, космонавтлар отряди аъзоларини сурат туширишда нималарга эътибор беришни, самолётда бирга учиш давомида тушунтириш, олинган негативлардан суратлар чиқариб тегишли ташкилотларга юбориш, фотосуратлардан ҳар хил масштабдаги фотосхемалар ва фотопланлар тайёрлаш, шунингдек ушбу маълумотлардан республика халқ хўжалиги мутахасисларини фойдаланишга ўргатиш каби вазифалар юкланган эди.

Собиқ  Иттифоқда ер юзасини космосдан суратга тушириш 1972 йилда режа асосида олиб бориладиган бўлди. Бу суратлар геология, қишлоқ хўжалик, гидрометереология ва бошқа соҳаларда фойдалана бошланди. Олинган натижалар халқ хўжалигида янада кенг фойдаланишни тақозо қилди. Шу вақтларда  ҳар хил соҳаларда тузиладиган хариталар бир вақтда ва бир хил масштабда тузилмаганлиги сабабли, уларни таққослаш ва республика бўйича режалаштиришда ноқулайликлар туғдирарди. Шу сабабли республикани табиий ресурсларини ўз ичига олган бир хил масштабда, бир хил вақтда, анъанавий маълумотлар билан бирга космосдан олинган тасвирлардан фойдаланиб, бир хил асосга эга 25 турдаги хариталар тузиш, шу соҳа мутахассислари ва тегишли вазирликлар, илмий-тадқиқот институтлар рахбарлари билан келишиб олинди.

Ўзбекистон Республикаси комунистик партиясининг Марказий комитетининг “Космосдан олинган суратлар асосида табиий ресурсларни ўрганишдаги комплекс хариталаш” (ТРЎКХ) қарори бу ишлар бошланишига асос бўлди. Бу республикадаги табиий ресурсларни ҳар бир соҳа бўйича харитага тушириш, уларни сон ва сифати бўйича боғлаш, улардан рационал фойдаланиш, уларни сақлаш ва кўпайтиришга қаратилган янги низом эди. Масштаби бир хил 1:500000 бўлган масофадан олинган суратлар асосида, қатор мавзудаги ўз ичига олган хариталар тузишни кўзда тутилган эди. Бу ишни бажаришга Республиканинг 6 та вазирликдан, 1 та Давлат қўмитасидан ва турли соҳалардан  ҳамда Ўзбекистон Республикаси фанлар Академиясидан ва турли соҳалардан 5 та институт  ва ташкилотлар ходимлари қатнашиши кўзда тутилган эди.

Ўзбекистонда ТРЎКХ 3 босқичда олиб бориш кўзда тутилган эди.

  1. “Табиат” давлат марказини Ўзбекистон бўлими шу ишга жалб этилган вазирлик, институтлар ва ташкилотни 1981 йилда космик суратлар ва фотоматериаллар билан таъминлаш. Шу билан бир қаторда шу ишга жалб қилинган ташкилот ходимлари билан биргаликда бир қанча хариталарни тузишда иштирок этиш.
  2. Ишга жалб қилинган вазирлик ва ташкилот ходимлари космик суратларнинг ва улардан олинган космофотосхемаларни соҳалари бўйича ўрганиб дала ишларини бажарардилар, унинг натижаларини шу соҳага тегишли анъанавий йўллар билан таққослаб илмий кенгашларда тасдиқланган шартли белгилардан фойдаланиб бирламчи хариталар тузардилар (1982-1984 йиллар). Бундан ташқари тузилган хариталарни бир-бирларига ва варақлари бўйича мослаштирди.
  3. Мослаштирилган хариталар мухаррир кўригидан ўтказилиб, илмий кенгашларда тасдиқлангандан сўнг тушунтириш матни ёзилиб, табиий ресурслардан рационал фойдаланиш таклифлари берилди.(1985 йил)

“Табиат” марказининг Ўзбекистон филиали томонидан  1-босқич ишлари амалга оширилгани ва қатор хариталарни (Нефт ва газ, ердан фойдаланиш, ер юзидаги сувлар, ўсимликлар,  ўрмонлар, зилзила тектоникаси ва зилзила табиатни асраш) тузишда фаол қатнашганликларига қарамасдан иш ҳамон жадаллашмаётган эди.

Боиси қатнашаётган ҳамма вазирлик ва идораларнинг тайёргарлиги бир хил эмас эди. Айрим идоралар космик суратлардан илгари ҳеч фойдаланмаган эди. Энг ачинарлиси, айрим вазирлик ва идоралар бу ишга жиддий киришмаётган эди. Шу вақтда Ўзбекистон Кампартияси Марказий қўмитаси  томонидан Ўзбекистон план қўмитаси раисининг ўринбосари Ислом Абдуғаниевич Каримовни  “Космос” ишчи гуруҳининг раиси қилиб тайинлангани ишни жадал юришиб кетишига сабаб бўлди.

Қарор чиққандан кейин “Табиат” маркази Ўзбекистон филиали директори Абдуазизов Абдували Азизович ва шу марказ лаборатория мудири, кўтарилган масаланинг масъул ижрочиси мен – Ташхўжаев Даврон Одилович  Ислом Абдуғаниевични олдиларига бордик. Суҳбат  1,5 - 2 соат  давом этди.  Ислом Абдуғаниевич олдинига ишни чуқур ўрганиб чиқдилар. Космик суратлар билан танишдилар айрим нарсаларни ҳеч тортинмай сўрадилар. Ислом Абдуғаниевич мутахассислиги табиат фанларидан анча узоқ бўлишларига қарамасдан, бераётган саволлари аниқ мўлжалланган ва бу ишлар билан анча вақтдан бурун шуғулланган инсон эканликларини тасдиқлаб турганди. Бунда қўйилган масалаларни майда-чуйдасигача ёритишга тўғри келарди. Шу билан бир қаторда бизлардан иш талабини кучайтирдилар. Бизга ўз вазифамизни аъло даражада бажарсак, бошқалардан  ҳам ишни сўраш ҳуқуқимиз бўлишини ўргатдилар. Шундай йўл бошқа вазирликлар ва идораларга нисбатан ҳам қўлланилди.

Ёдимдан чиқмайдиган бир воқеа

“Космос” ишчи гуруҳининг ҳар чоракда бўладиган мажлисига бир вазирликдан келиши лозим бўлган  вазир ёки ўринбосари эмас, бўлим бошлиғи кечикиб келди. Бу пайтда мен ҳисобот бераётган эдим. Ислом Абдуғаниевич уни тўхтатиб, нимага келганини ва вазирлиги номидан шу ерда бирор қарорга келишига ваколати борлигини сўрадилар. Ундан рад жавобини олгач эса, унга мен вазирлигингизни сенинг номингдан мажлисдан ҳайдаб чиқараман, шу гапимни вазирингизга етказиб қўясиз, дея  койиб бердилар.

Бу ҳолат мажлисда ўтирганларнинг барчасига ҳам, айниқса менга масъул ижрочига бир умрлик сабоқ бўлиб қолган ва ҳаётим давомида  ҳар бир давлат  топшириғига  ўта  жиддий ёндашадиган бўлдим.

Ҳар чоракда ўтказиладиган мажлисга Москвадан “Табиат” Давлат марказидан бош директор Ю.П.Киенка таклиф қилинар эди. Бу бизга космик суратлар негативларини мунтазам олиб туришга ёрдам берар эди. Ҳар бир инсон характери ҳар хил бўлганидек, у киши ўзини кўрсатиш учун ҳамроҳлар куршовида юришни яхши кўрар ва улар орасида албатта  космонавтлар бўлишини хоҳлар эди. Шунинг учун Республикадан юбориладиган таклифномаларга уларни киритилишини сўрарди. Бу тўғрисида Ислом Абдуғаниевичга ҳам гапирган эди. Шунда Ислом Абдуғаниевич ўзига хос камтарлик билан саволга савол билан жавоб бериб  “Нима масала ечимсиз қоляпти, ҳаммаси яхши кетаяпти-ку, қўйинг космонавтларнинг ҳам ишлари кўп, уларни безовта қилмай қўяқолайлик” деб жавоб бердилар. Чунки Ислом Абдуғаниевич тантанавозликни, ўз-ўзини кўрсатишни ёқтирмас эдилар.

1983 йилда Ислом Абдуғаниевич Республика Молия  вазири  бўлиб  тайнланганлиги сабабли “Космос” ишчи гуруҳи раислигидан озод қилинди. Ҳозирги кунда қилинган ишларга назар солсак, биз Ислом Абдуғаниевич бошчилигида ниҳоятда катта ишлар қилганимизга амин бўламиз. Ахир, булар чамалаб кўрганимизда Ўзбекистон Давлат план қўмитаси раисининг ўринбосари ўзига топширилган жуда катта ишлари қаторида шундай масъулиятли ишни бажаришга вақт топиб, унга ўта жиддий берилиб  ишлаганларига фақат тасанно айтса бўлади. Шу қисқа вақт мобайнида иш юзасидан бўлган мулоқот менга мактаб вазифасини ўтади.

Ҳозирги кунда космик маълумотлар ёрдамида топографик, қишлоқ  хўжалиги, сув хўжалиги, ўрмончилик, ердан фойдаланиш, геология, сейсмология, музликларни ўрганиш, табиатни асраш соҳаларида  хариталар жуда тез, сифатли  ва катта  аниқликда  тузилмоқда.

Буларнинг  ҳаммаси бундан 40 йил аввал бошланган ишларнинг маҳсулидир.