ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

Эркин Хўжаев, Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти профессори


Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг 2017 йил 27 мартдаги “Атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, юртимизда бу улуғ инсон ҳаёти ва ижодини кенг ўрганиш ва тарғиб этишга бағишланган адабий-бадиий учрашувлар,  хотира кечалари, маданий тадбирлар ўтказилмоқда.

Ушбу жараёнларни кузата туриб бундан 27 йил олдинги воқеалар кўз олдимга келди.

1990 йилда Ўзбекистон Олий Советига ўтказилган сайловда Самарқанд вилоятидан сайланган депутатлар орасида мен ҳам бор эдим. Янги чақириқ Кенгашнинг илк сессияси 24 мартда Тошкентда очилиши белгиланган. Ўша даврдаги қоидаларга кўра, сессиядан олдин Оқсоқоллар кенгашининг йиғилиши ўтказилиб, сессия кун тартиби, раҳбар органларни сайлаш юзасидан келишиб олинди.

Мазкур йиғилишни Ўзбекистон Компартиясининг биринчи котиби Ислом Каримов олиб борди. Сессия кун тартиби, Олий Совет Раиси ва унинг ўринбосарлари, доимий комиссиялар ҳақида ўз фикрларини батафсил ва очиқ баён этдилар. Кенгаш аъзолари барча масалалар юзасидан овоз берди.

Ислом Каримов залдагиларга мурожаат қилиб, “Кун тартибига қўшимчалар борми?” деди. Бундай нуфузли тадбирда илк бор иштирок этаётган ва Ислом Абдуғаниевич билан биринчи учрашувим учун жуда ҳаяжонда бўлсам-да у кишининг очиқ ва самимий муносабатларидан руҳланиб, айрим таклифларим борлигини билдирдим.

Ислом Каримов мени минбарга чиқишим ва ўзимни таништиришимни сўрадилар. Минбарга чиқиб кимлигимни айтгач, мулоҳазаларимни бирма-бир баён этдим. Учта таклифни билдириб, тўртинчи – Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг собиқ биринчи котиби Шароф Рашидович Рашидов давридаги республика партия ташкилоти фаолиятига берилган сиёсий баҳони қайта кўриб чиқиш ва шу бўйича махсус комиссия тузиш хақидаги таклифни айтдим. Ислом Каримов кўзойнакларини олиб, менга қарадилар-да “тўртинчи таклифни яна бир бор такрорланг” дедилар фикримни маъқуллаган ҳолда. Мен Ш.Рашидов ҳақидаги фикримни яна бир бор айтдим. Сўнгра давом этдим.

Таклифларимни айтиб бўлганимдан сўнг Ислом ака менга қараб “Ука, ўзиям зўр тараддуд кўриб келганга ўхшайсиз”, дедилар.

Ўша тарихий сессияда юртимиз мустақиллиги сари муҳим қарорлар қабул қилиниши билан бирга Шароф Рашидов номини оқлаш бўйича ҳам ҳаракатлар бошланди. Кўп ўтмай Биринчи Президентимизнинг амалий саъй-ҳаракатлари билан Шароф Рашидовнинг пок номи оқланди. Мамлакатимиз мустақилликка эришгач, Шароф Рашидовнинг 75 йиллиги юртимизда кенг нишонланди.

Ватанимиз мустақиллигининг дастлабки йилларида муҳтарам Ислом Абдуғаниевичнинг эътибор ва ишончлари туфайли масъул вазифаларда хизмат қилдим. У кишидан кўп тажрибаларни ўргандим. Президентимиз ташаббуси билан Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 660 йиллиги, Имом Бухорий таваллудининг 1225 йиллигини юртимиз ва хорижда кенг нишонлаш бўйича тадбирларда иштирок этдим. Ушбу улуғвор ишлар Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг халқимиз тарихи ва маданияти, буюк аждодларимизга бўлган меҳру муҳаббатини намоён этди.