ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

9 октябрь куни Ёдгорлик мажмуасига таниқли санъаткор Женисбек Пиязов ташриф буюрди


10.10.2018

Ўзбекистон давлат консерваториясининг Академик хонандалик бўлимида таҳсил олган Женисбекнинг бас-баритон овози, опера санъатида эришган ижрочилик маҳорати, бугун нафақат юртимиз саҳналарида, балки дунёнинг машҳур концерт залларида олқишланиб, мухлисларнинг юксак эътирофини қозониб келмоқда.

 

Франция, Испания, Малайзия, Португалия, Россия ва бошқа қатор давлатларда ўтказилган халқаро танловларнинг совриндори Женисбек учун, машҳурлик пиллапояларига дастлабки қадам – «Ниҳол» мукофотидан бошланди.

У 2012 йилда Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган артист, икки йилдан кейин эса, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист унвонларига сазовор бўлди. «Шуҳрат» медали соҳиби Женисбек Пиязов бугун опера партиялари ва рус романслари ижрочиси сифатида танилган ва тан олинган санъаткорлар қаторидан ўрин эгаллаган.

 

Олдинда эса, Италиянинг Осимо шаҳрига хизмат сафари. Ўз маҳоратини ошириш ва тажриба орттириш мақсадида икки йиллик ўқишга отланган санъаткоримиз оила аъзолари-укаси, турмуш ўртоғи ва уч нафар фарзанди билан Ёдгорлик мажмуасига келиб, Ислом Каримов хотирасига ҳурмат бажо келтирди.

Биринчи Президентимизнинг рафиқаси билан ҳамсуҳбат бўлган меҳмон, Татьяна Каримовага қорақалпоқ дуторини совға қилди.

«Бутун оламни жо қилган юрак» кўргазмасида Ислом Абдуғаниевич билан боғлиқ хотиралар тилга олинди.

Женисбек Татьяна Акбаровнага самимий кечган учрашув ва совғалар учун чуқур миннатдорлик билдириб, ўз таассуротлари ҳақида фахрий меҳмонлар китобига дастхат ёзиб қолдирди.