ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

“Хотираси ҳамиша ёдимда...”


17.01.2022

Ислом Каримов номидаги ёдгорлик мажмуасига Биринчи Президентнинг сафдошларидан бири, узоқ йиллар турли вазирлик ва идораларда рахбарлик лавозимларида фаолият юритган Баходир Умурзоқов ташриф буюрди. Ислом Абдуғаниевич Қашқадарё вилоятига рахбарлик қилган вақтларидан бошлаб уларнинг ўртасида яқин, ўзаро ишончли муносабатлар йўлга қўйилган эди.

 

 

Биринчи Президентнинг рафиқаси Татьяна Акбаровна билан суҳбат чоғида ўтган йиллар билан боғлиқ хотиралар алоҳида ҳурмат ила ёдга олинди.

“Ислом Абдуғаниевич масъулиятни чуқур ҳис этадиган, юқори билим ва тажрибага эга рахбарларни, хақгўй ва самимий одамларни қадрлар эди.

 

 

У киши ҳеч қачон рўпарасида турган одамдан кўзини олиб қочмасди. Унинг тик қарашига ҳамма ҳам дош беролмаган. қўрқоқ, иккиюзламачи, нопок одамларни ёқтирмасди. Ислом аканинг ўзи ўта принципиал, қатъий ва иродали, муҳими виждонли инсон бўлган”, деди Баходир ака.

Кўп йиллик иш тажрибасига эга Баходир Ҳамидовичнинг айтишича, кадрлар билан ишлаш, одамларни қадрлаш ва рағбатлантириш, ўз вақтида ва тўғри қарор қабул қилишни айнан Ислом Каримовдан ўрганган. Бу инсоннинг туриш-турмуши кўплаб рахбарлар учун катта ҳаёт мактаби бўлган. Умурзоқов Татьяна Акбаровнага, Ислом Каримов хотирасига яна бир бор ҳурмат ва эҳтиром кўрсатишга имконият бергани учун чексиз миннатдорлигини ифода этди. Буюк давлат арбобининг хотирасини абадийлаштиришга қаратилган саъйи-харакатларда Татьяна Каримова ҳамда мажмуа жамоасига муваффақиятлар тилади.