ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

Ўзбекистон Мустақиллиги йўлидаги муҳим тарихий қадамлар


24.06.2019

2019 йил 23 июнь куни Ислом Каримов Ўзбекистон ССР Компартияси МКнинг Биринчи секретари этиб тайинланганига 30 йил тўлди. Даставвал у республикани партия етакчиси сифатида бошқарган. Бундай амалиёт собиқ Иттифоқнинг барча республикаларида мавжуд эди. 1990 йилнинг март ойида эса, ҳали республика СССР таркибида бўлган бир пайтда Ислом Каримов Ўзбекистон ССР Олий Совети томонидан республика Президенти этиб сайланган. Ўрнатилган тартибга зид ҳолат юзага келди: Ислом Каримов, СССР президенти Михаил Горбачевдан кейин иттифоқдош республиканинг биринчи президенти бўлди ва бу ҳодиса Москвадаги раҳбариятнинг норозилигини уйғотди.

Бироз ортга қайтамиз. 1989 йилга келиб собиқ Иттифоқда вазият анчагина мураккаблашган эди. Шу жумладан Ўзбекистонда ҳам. Боз устига республика ижтимоий-иқтисодий ривожланиш бўйича Иттифоқда охирги ўринларни эгалларди. Миллатлараро ва этник низолар вазиятни янада кескинлаштирган бир пайтлар эди.

1989 йилнинг июнь ойида Фарғона областида месхети турклар билан ўзбеклар ўртасида, кейинчалик «Фарғона воқеалари» номини олган оммавий тўқнашувлар юз берди. Расмий маълумотларга кўра оқибатда юздан ортиқ киши ҳалок бўлган, 735 та хонадоннинг, 28 та давлат объектлари ва 275 та транспорт воситаларининг кули кўкка совурилган.

Бошқа областлар ҳам нотинч эди. Хусусан, Тошкент, Янгийўл, Чирчиқ (Тошкент области) да ва Иштихон (Самарқанд области) да норасмий митинглар уюштирилди. Турклар ўртасида ваҳима кучайиб, уларнинг кўпчилиги зўравонлик қурбонига айланишдан қўрқиб, ишга чиқмай қўйди. Қатор районларда ҳокимият жамоат тартибини сақлашга қаратилган қўшимча чоралар кўра бошлади. Аҳолининг аксарияти турклардан иборат бўлган Бўка районидаги йўлларда назорат-текширув пунктлари ўрнатилиб, турк маҳаллалари қаттиқ ҳимояга олинди. Сирдарё областида беқарорлик ва тартибсизликни келтириб чиқаришга уринган маҳаллий аҳоли вакиллари ҳибсга олинди.

Айнан шу кунларда Ўзбекистон Компартияси МКнинг Биринчи секретари Р.Нишоновни СССР Олий Советининг Миллатлар Кенгаши раиси этиб сайлайдилар ва энди у лавозимига кўра доимо Москвада бўлиши керак эди. Шу тариқа республика амалда раҳбарсиз қолган эди.

Мана шундай мураккаб вазиятда нафақат республикани бошқариш, балки йиғилиб қолган муаммоларни ҳал этиш қобилиятига эга инсонни зудлик билан топиш Марказ учун ўта муҳим масалага айланди. Шуни таъкидлаш лозимки, мамлакат ва алоҳида республикаларнинг тақдири учун масъул бўлган КПСС МКнинг Сиёсий бюроси аъзолари Ўзбекистон компартиясининг Биринчи секретари лавозимига оид масалада Ислом Каримов номзоди бўйича бир хил фикрда эмас эдилар.

Ислом Каримовнинг ўзи бу воқеаларни шундай хотирлайди: «1989 йилнинг июнь ойи. Даҳшатли кунлар эди. Ёнғинлар, талон-тарожлар... Фарғона, Қўқон, Қувасой, Гулистон, Паркент, Бўка. Кул босиб ётган чўғ аланга олиб, фуқаролар уруши хавфи соат сайин кучайиб бораётган бир пайт. Камситишлар оқибатида йиллар давомида йиғилиб келган аламзадалик тўлқини бутун республикани жунбушга келтирган. Ҳокимият вазиятни бошқара олмай қолган.

Марказда беқарорликларни тўхтатиб, республикани жар ёқасидан қайтара оладиган одамни қидиришар эди. Охир-оқибат менга мурожаат қилишди. Тарози палласига келажагим тугул, ҳаётим қўйилаётганини тушунардим. Баландпарвоз гаплар деб қабул килманг-у, менга куч берадиган, ишонч берадиган битта нарса бор эди: халқ мени тушунади ва қўллаб-қувватлайди.

Ҳозир аниқ эслолмайман, 10 ёки 11 июнь кунлари Сиёсий бюрода Ўзбекистон Компартияси МКнинг Биринчи секретари тўғрисидаги масала кўрилаётган эди. Муҳокама беписандлик руҳида олиб борилаётган эди. Беандиша танбеҳлар, ўринсиз гаплардан кейин мен минбардан туриб Горбачёвга мурожаат қилдим: «Михаил Сергеевич! Менинг номзодимни қайтаринг. Бу ерда кимларнидир қониқтирмаётганимни кўряпман. Рафиқ Нишоновни олти ой муддатга ўз лавозимида қолдиришингизни сўрайман. У тартиб ўрнатганидан кейин бугунги масалага яна қайтишимиз мумкин. Менга эса кетишимга рухсат беринг». Горбачёв мени тўхтатишга уринди. Мен эса, «Мени кўндиришга уринманг. Мен учун ҳамма нарса равшан. Кетишимга рухсат беринг» дедим. «Қарорингиз қатъий экан, борақолинг», деди Горбачёв. Мен Тошкентга учиб кетдим ва заводга қайтишга қарор қилдим. Оилам унча катта эмас. Бир кунимни кўрарман.

Бироқ, икки кундан кейин уйимга Нишонов қўнғироқ қилиб, Москва менинг номзодимни маъқуллаганини айтди. 23 июнь куни Ўзбекистон Компартияси МКнинг Пленумида мен биринчи секретарь этиб сайландим».

 

И.А.Каримовнинг бу сўзларини ўша вақтларда Сиёсий бюро аъзоси бўлган, КПСС МКнинг секретари А.Н.Яковлев ҳам ўз хотираларида тасдиқлаган: «Ўзбекистон Компартияси МКнинг биринчи секретари лавозимига Ислом Каримовни қандай тайинлашганини яхши эслайман. Масала ечимига катта қийинчилик билан эришилган. Аввалига ким «рози» ким «норози» эканлигини тушуниш қийин бўлди. Сиёсий бюрода якдиллик йўқ эди. Мен Каримов номзодини қўллаб-қувватладим. Унинг вазминлиги, камгаплиги, ўзини тутиши менга маъқул бўлди…

Ислом Каримов ўзини, ҳали Собиқ Иттифоқ таркибида бўлган Ўзбекистоннинг Президенти деб эълон қилгани Сиёсий бюродаги кўпчиликни хавотирга солгани ҳам ёдимда.

Лекин, республикадаги вазият шу қадар кескин тус олган эдики, Марказ ёш, фаол ва жасоратли, Қашқадарё области раҳбари лавозимида ўзини ижобий томондан кўрсата олган, СССРнинг Бош секретари Горбачёвга ўз фикрини ҳеч иккиланмай дадил билдирган Ислом Абдуғаниевични Ўзбекистон ССР Компартияси МКнинг биринчи секретари этиб тайинлашга мажбур бўлди.

Вазиятни оқилона баҳолаган Ислом Каримов ўз салоҳиятини иқтисодий ислоҳотларга, аввало қишлоқ жойларидаги деҳқонларнинг аҳволини енгиллаштиришга қаратди. Сайланган кунининг эртасигаёқ, 1989 йил 24 июнь куни ўтказилган ҳукумат йиғилишида Ислом Каримов қатъийлик билан: «Биз энди эскича яшай олмаймиз, замоннинг ўзи бунга йўл қўймайди» деди, ҳамда ўз қараш ва ғоялари асосида ишлаб чиқилган, республикани ривожлантириш дастурини собитқадамлик билан амалга оширишга киришди.

1989 йилнинг август ойидаёқ мисли кўрилмаган қарор қабул қилинди. Қишлоқ аҳолисига ўтган йиллар давомида берилган ер майдонларининг умумий миқдоридан бир неча баробар ортиқ-400 минг гектар суғориладиган ерлар 2,5 миллионга яқин оилаларга томорқа сифатида ажратиб берилди. Марказ билан келишмасдан туриб, суғориладиган ерларнинг маълум бир қисмини колхоз ва совхозларнинг тасарруфидан чиқариш тўғрисидаги бундай қарор, Ислом Каримов томонидан амалга оширилган жасоратли ҳаракат эди.

Янги қабул қилинган қарор, деҳқонларни очликдан сақлаб қолди. Шу билан бирга шаҳар аҳолисининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондиришга қўшимча имконият яратилди.

1989 йилда Ислом Каримов томонидан яна бир муҳим сиёсий қарор-«Давлат тили тўғрисида» ги қонун қабул қилиниб, узоқ йиллар давомида расман иккинчи даражали бўлиб келган ўзбек тилининг мақоми ва нуфузи кўтарилди. Бу ўз навбатида ўзбек халқининг миллий ўзлигини англашида муҳим аҳамият касб этди.

Шундай қилиб, Ислом Каримовнинг кучли етакчилик қобилияти, мустаҳкам иродаси, ватанпарварлиги, ўз халқига садоқати ҳамда чуқур ўйланган ва изчиллик билан олиб борилган сиёсати натижасида мамлакатнинг таназзулга юз тутиш хавфи бартараф этилди, тинчлик, барқарорлик ва халқ ҳамжиҳатлиги сақлаб қолинди.

Ислом Каримов раҳбарлигида мамлакатимиз мураккаб бир тарихий даврда мустақилликни қўлга киритиб, жамиятнинг конституционал ва интитуционал асослари яратилди ва энг муҳими халқимизнинг кўп асрлик маънавий, маданий қадриятлари тикланди. Ўзбекистон халқаро майдонда ўз ўрнини эгаллаб дунёга танилди.

Бугун, ўтган йилларни ёдга олар эканмиз, Президент Шавкат Миромонович Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган бунёдкорлик, яратувчилик, янгиланишларни кўриб, бетакрор юртимизнинг ёруғ келажагига ишончимиз янада мустаҳкамланиб, қалбларимизда Ватан ва халқ тақдирига дахлдорлик ҳисси кучайиб бораётгани айни ҳақиқатдир.

Фарход Курбонбоев олган суратлар