ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримовга бағишланган “Бутун оламни жо қилган юрак” бадиий кўргазмаси очилди


27.01.2018

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 25 январда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида”ги қарори халқимизнинг улуғ фарзандига чексиз муҳаббати ва ҳурматининг амалий ифодаси бўлди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27 ноябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарори унинг хотирасини абадийлаштириш бўйича ишларнинг мантиқий давоми бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти номидаги Илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасида Кўргазма зали очилиб, унда Ислом Каримов ҳаёти ва фаолиятига бағишланган картина, портретлар ва фотосуратлар жо олди.

“Бутун оламни жо қилган юрак” бадиий кўргазмаси очилиши тантанали маросимида  иштирок этиш учун бу ерда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, ҳукумат аъзолари, фан ва маданият, адабиёт ва санъат арбоблари, талаба ёшлар, шунингдек оммавий ахборот воситаларининг ходимлари йиғилишди.

Тадбир иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Каримов ҳайкали пойига гуллар қўйиб, унинг хотирасига ҳурмат бажо келтиришди.

Биринчи Президентимизнинг рафиқаси Татьяна Каримова ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султонов Кўргазма залини очишди. Шундан сўнг тантанали маросим иштирокчилари Ислом Каримов ҳаёти ва фаолиятига бағишланган бадиий кўргазама экспонатлари билан танишдилар. Бу Ислом Каримовнинг серқирра ҳаётини акс эттирган портрет, фотосурат ва совғалардир. 

Ислом Каримов – асрлар сарҳадида замон йўналишини ва бутун бир авлод ҳаётининг йўлини белгилаб берган тарихий шахс. Инсон ва Сиёсатчининг ёрқин, мураккаб, ноёб тақдири. Унинг юраги миллат юрагига ҳамоҳанг урар эди, у ўз халқини жони, дили билан севарди, одамлар унга самимий муҳаббат изҳор этарди.

Туғилиш… Ҳаёт йўли… Видолашув… Ҳар бир банданинг ўз парвози, ўз тақдир чизиғи бор. Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг номини сақлаб, ёдгорликлар, кўчалар, аэропортлару-заводларда абадийлаштирган муносиб вориси – мамлакатимиз Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевни инсонларнинг ўз миннатдорлилик сўзлари “олтин ёмғир” сингари кўкларга кўтармоқда.

Биринчи Президентимизнинг руҳи унинг хотирасини ёд этиш Ёдгорлик музейига айланган Оқсарой қароргоҳида сақланиб қолган.

Кўргазмадан таниқли рассомлар яратган руҳан ихчам портретлар, жуда содда, лекин самимий меҳру муҳаббати йўғрилган портретлар жой олган. Қизил лолалар тасвири туширилган расм… Ислом Каримов дала гулларини, айниқса, лола ва қизғалдоқларни ҳуш кўрган. Улардан у баҳра олиб завқланган.

Суратлардан  бирида Биринчи Президент Қашқадарёнинг тоғли Ғилон қишлоғи оқсоқоллари қуршовида тасвирланган.

Мана бу таниқли рассом Баҳодир Жалоловнинг туркум асарлари.  Уларда Ислом Каримов ҳаётининг ёрқин парвозлари ҳам, қайғули дамлари ҳам, фикр ва ҳиссиётлари ҳам акс этган. Йўлбарс – жасурлик, куч ва иқтидорлилик тимсоли, шунингдек, Самарқанд буюклиги ва қудрати рамзидир. Юлдузлар буржи бўйича унинг туғилган йилини билдиради. Ушбу маҳобатли бадиий режа сценарийси рассом шуурида тўсатдан пайдо бўлган: ушбу қиёфа ва лавҳалар унинг тушига кирган. Ислом Абдуғаниевич бу суратларни ўша фожиали кундан сал олдин кўрган, қаттиқ таъсирланган, аммо таассуротларини ифода этишни кейинроққа қолдирганди… худди олдиндан кўра билганидек …

Бадиий қиёфалар орасида Темурийлар пойтахтининг чанг йўллакларидан бораётган, ўз мақсадига интилаётган ўспирин, халқаро миқёсдаги сиёсатчи, мустақил мамлакат байроғини баланд кўтарган, ҳайратомуз ақл-заковат соҳиби, донишманд… Бундай кишилар бамисоли учар юлдузлардек замон ва макон узра учиб ўтади, ёрқин юлдузларга айланиб, авлодлар тақдир йўлини ёритиб туради.

Тунги Самарқанд бўйлаб эсаётган шамол юлдузлар чеҳрасини бир-бир силаб ўтади. Улар биз учун осмоннинг порлоқ белгисини юбормоқда...У бутун олам унинг юрагида жо бўлгунича  ўзи танлаган йўлдан борди...