ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

Танлов ҳайъати йиғилиши


15.01.2018

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасида “Ислом Каримов хотирасига бағишланган  энг яхши илмий-оммабоп мақола” танловига тақдим этилган ишларни кўриб чиқиш бўйича танлов ҳайъати йиғилиши бўлиб ўтди. Унинг ишида оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этди.

Танлов Ислом Каримовнинг 80 йиллиги арафасида мамлакатимиз Биринчи Президентининг хотирасини, унинг мустақилликни қўлга киритишга, миллий давлатчилигимизни қуришга қўшган улкан ҳиссаси ва тарихий ролини абадийлаштириш, шунингдек унинг меросини оммалаштириш мақсадида ўтказилмоқда.

Оммавий ахборот воситаларида ушбу танлов ўтказилиши кенг ёритилди. 2017 йилнинг 31 декабригача 2016-2017 йилларда республика ҳамда хориж газета ва журналларида, интернет нашрларида эълон қилинган материаллар қабул қилинди.

2017 йил 6 июлдан, танлов эълон қилинганидан бошлаб ишларни қабул қилиш муддати якунланган, 2017 йил 31 декабрига қадар мамлакатимиз фуқаролари ва хорижий муаллифлардан танлов ҳайъати кўриб чиқиши учун 870 дан зиёд материаллар ўзбек, қорақалпоқ, рус, инглиз, француз, итальян, хитой, немис,  япон, араб, корейс, озарбайжон, қозоқ, туркман, қирғиз тилларида келиб тушди.

Улар орасида китоблар, рисолалар, фильмлар, шеърий тўплам ва шеърлар, веб-саҳифалар, шунингдек олий ўқув юртлари, академик лицей, касб-ҳунар коллежлари ва мактаб ўқитувчилари, талаба ва ўқувчиилари томонидан ёзилган ва чоп этилмаган рефератлар бор. Афсуски, ушбу ишларни ҳамда танлов муддати тугаганидан сўнг келиб тушган материаллар кўриб чиқилмайди. 

Йиғилишда таъкидланганидек, тақдим этилган мақолаларни адолатли кўриб чиқиш учун танлов ҳайъати таркибида малакали мутахассислар, олимлар, тарихчилар, ёзувчилар, журналистлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этмоқда.

Танлов ишлари мақола мавзуси янгилиги ва очиб берилганлиги, мазмунан тарихий ҳақиқатга тўғри келиши, муаллиф томонидан илмий манбалардан кенг фойдаланилганлиги, шунингдек мақоланинг илмий ва бадиий савиясини ҳисобга олган ҳолда беш баллик тизими бўйича баҳоланади.

Танлов ғолиблари учун махсус дипломлар ва пул мукофотлари ҳамда рағбатлантирувчи мукофотлар таъсис этилган.