ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

Иншолар танлови ғолибларини тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди


03.04.2018

3 апрель куни Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасида Ўзбекистон олий ўқув юртлари талабалари ўртасида иншолар танлови ғолибларини тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Танлов Ислом Каримов Фонди томонидан Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти хотирасини абадийлаштириш, ёш авлоднинг республикамиз янги тарихи хусусидаги ҳамда мамлакатимиз давлат мустақиллигини қарор топтириш, халқаро барқарорликни таъминлаш ва Ватанимизнинг тарихий-маданий меросини қайта тиклашда Ислом Каримовнинг тарихий хизматлари борасидаги билимларини ошириш мақсадида ташкил этилди.

22 январдан 22 февралга қадар ўтказилган танловда республикамизнинг 74 та олий ўқув юртининг 485 нафар талабаси иштирок этди.

Иншолар қуйидаги мезонлар асосида танлаб олинди: фикрларнинг равон ва тўғри кетма-кетликда баён этилганлиги, мавзунинг тўлиқ очилганлиги, мавзуга оид фактлар ва мисолларнинг ўринли келтирилганлиги,  шахсий фикр-мулоҳазаларнинг асослилиги,  иншоларнинг оригинал ва ўзига хослиги, бадиий ёндашувнинг мавжудлиги ва ҳоказо.

Тантанали тадбирга 20 нафар энг яхши деб топилган иншолар муаллифлари таклиф этилдилар.

Улар даставвал Узбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов ҳайкали пойига гуллар қуйиб, унинг хотирасига ҳурмат бажо келтирдилар. Шундан сўнг талабалар “Бутун оламни жо қилган юрак” номли кўргазма экспозициясини кўздан кечиришди.

Тантанали маросимда ғолибларга мукофотларни Фонд Васийлик Кенгаши аъзоси, Биринчи Президентнинг рафиқаси Татьяна Каримова ҳамда Фонд Бошқаруви Раиси Ботир Убайдуллаев топширдилар. 

1-ўринни эгаллаган Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг V-босқич талабаси Отабек Акромовга 7 000 000 сўмлик грант хамда Фонд логотипи туширилган Apple MacBook Air 13 8/256 GB ноутбуки такдим этилди.

2-ўрин совриндори Тошкент педиатрия тиббиёт институтининг V-босқич талабаси Малика Шорустамовага 6 000 000 сўмлик грант ва Фонд логотипи туширилган Apple iРad Pro 10.5 4G 256GB планшети топширилди.

3-ўринни эгаллаган Тошкент давлат юридик университетининг IV-босқич талабаси Нурбек Тошканов   5 000 000 сўмлик грант, хамда, Фонд логотипи туширилган iPhone 8 64 GB смартфони билан такдирланди.

Ижодий ишлари юқори балл тўплаган 7 нафар иштирокчига рағбатлантирувчи совғалар, яъни Фонд логотипи туширилган Kindle букридерлари тақдим этилди.

10 нафар танлов голибларига Узбекистонда белгиланган энг кам иш хакининг 5-баробари микдорида пул мукофоти, диплом ва махсус совгалар топширилди.

Ислом Каримов номидаги Республика Хайрия жамоатчилик фонди 2016 йилнинг октябрь ойида Лола Каримова-Тилляева ва Татьяна Каримова томонидан Ўзбекистон мустақиллиги асосчиси-Биринчи Президентнинг хотирасини абадийлаштириш мақсадида таъсис этилган. Таълим соҳасида грант дастурларини амалга ошириш Фонд фаолиятининг муҳим йўналишларидан биридир.

Фарход Курбанбаев олган суратлар