ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

СОЛНОМА. Ташқи сиёсат.


10.06.2020

1989 йил 23 июнь

Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг XIV пленуми бўлиб ўтди. Унда Қашқадарё область партия комитетининг биринчи секретари бўлиб ишлаб келган Ислом Каримов Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи  секретари этиб сайланди.

 

1990 йил 20 июнь

Ўзбекистон ССР Олий Советининг иккинчи сессиясида Мустақиллик декларацияси қабул қилинди. Декларацияда ҳуқуқий ва ва демократик давлат мустақиллигининг устуворлиги, Ўзбекистоннинг иттифоқдош республикалар ва бошқа давлатлар билан муносабатлари шартномалар асосида белгиланиши ва давлат белгилари (герб, байроқ, мадҳия)ни ўзи таъсис этиши қайд этилди.

 

 1992 йил 10 июнь

Ўзбекистон давлат делегациясининг Саудия Арабистонига расмий сафари чоғида мамлакат подшоҳи Фаҳд ибн Абдул Азиз ал-Сауд Республикамиз Президенти Ислом Каримовга муқаддас совға – Каъба устига ёпиладиган ёпинғич (кисва)нинг бир парчасини шахсий ҳадя сифатида тортиқ этган эди. Қурбон ҳайити арафасида Ислом Каримов уни Самарқанд вилояти Челак туманидаги Имом ал-Бухорий масжидига тортиқ қилди.

 

1993 йил 24 июнь

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг фармонига мувофиқ 27 июнь Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни деб белгиланди.

 

1994 йил 16 июнь

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов “Ўзбекистон Республикасининг Миллий валютасини муомалага киритиш тўғрисида”ги фармонга имзо чекди.

 

1996 йил 25 июнь

Президент Ислом Каримов Оқ уйда АҚШ Президенти Билл Клинтон билан учрашди. Суҳбат чоғида мамлакатларимиз ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш, ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини кенгайтириш, Марказий Осиёда барқарорлик ва хавфсизлик масалалари хусусида фикр алмашилди.

 

2004 йил 14-15 июнь

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг таклифига биноан Хитой Халқ Республикаси Раиси Ху Цзиньтао давлат ташрифи билан мамлакатимизда бўлди. Давлат раҳбарлари Ўзбекистон билан Хитой ўртасида шерикчилик муносабатлари, дўстлик ва ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш тўғрисидаги қўшма декларацияни имзоладилар.

 

2015 йил 11 июнь

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Пан Ги Мун расмий ташриф билан Ўзбекистонга келди. Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов билан БМТ Бош котиби Пан Ги Муннинг учрашуви бўлди. Музокаралар чоғида томонлар минтақавий ва халқаро аҳамиятга эга кенг кўламли масалаларни муҳокама этиб, Ўзбекистоннинг БМТ ва унинг ихтисослаштирилган институт ҳамда агентликлари билан ҳамкорлигини янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилади.

 

2015 йил 15 июнь

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Оқсаройда Халқаро олимпия қўмитаси президенти Томас Бах ҳамда Осиё миллий олимпия қўмитаси ассоциацияси ва Осиё олимпия кенгаши президенти Шайх Аҳмад ал-Фаҳад ал-Сабоҳни қабул қилди. Учрашувда Ўзбекистонда жисмоний тарбия ва спортнинг ташкилий асослари такомиллаштирилгани, жисмоний-соғломлаштириш машғулотлари  аҳоли ўртасида кенг оммалашгани, соҳани молиялаштириш, кадрлар тайёрлаш ва мутахассислар малакасини ошириш тизими юксалгани, моддий-техник база мустаҳкамлангани қайд этилди.

Учрашувда Ўзбекистон Президентига спортни ва олимпия ҳаракатини ривожлантиришдаги буюк хизматлари учун Халқаро олимпия қўмитасининг медали, шунингдек, Ўзбекистонда ва Осиёда футболни ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссаси учун Осиё олимпия кенгашининг мукофоти топширилди.