ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

«Биринчи Президент вақт кўзгусида»


30.08.2018

30 август куни  Пойтахтимиздаги «Тошкент фотосуратлар уйи»да Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Фарход Қурбонбоев фотосуратлари кўргазмаси ташкил этилди.

  

Ўзбекистон Мустақиллиги куни арафасида ўтказилган кўргазма, бутун умрини Ўзбекистоннинг равнақи, ўзбек халқининг фаровонлигини таъминлашга бағишлаган буюк шахс-Биринчи Президент Ислом Каримов хотирасига бағишланди.

25 йил… Давлат раҳбарининг ҳаёти ва фаолиятига оид воқеаларни - Ислом Каримовнинг расмий портретлари туркумини яратиш, унинг халқаро сиёсий машваратлардаги иштироки, тантанали тадбирлар, расмий маросимлардаги чиқишлари, ҳамюртларимиз даврасидаги суҳбатлари, оила аъзолари, яқин дўстлар билан кечган дамларни йилма-йил, ойма-ой, кунма-кун фотокамера орқали ёритиш...

  

Булар ҳақида гапириш осон. Лекин биринчидан масъулият, қолаверса иш сифати юқори даражада бўлиши керак. Биласиз суратга олинаётган лаҳзалар қайтарилмайди. Биринчи Президентнинг салобати босиб турганда мана шу талабларга амал қилишнинг ўзи бўлмаган.

Кўргазмада муаллифнинг кўп йиллик машаққатли меҳнати маҳсулининг бир қисмигина намойиш этилди. Лекин шу суратларнинг ўзи ҳам кичкина объектив вақт ва замон кўзгусига айланиши мумкинлигини тасдиқлади.

 

Фарход Қурбонбоев ўз касбининг устаси, айни пайтда Ёдгорлик мажмуасида ўз фаолиятини давом эттирмоқда.

Кўргазмада Ислом Каримовнинг рафиқаси Татьяна Акбаровна Каримова иштирок этди ва нутқ сўзлади.