ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

Оқсаройда учрашув


01.02.2019

1 февраль куни Ёдгорлик мажмуасида Республикамизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов таваллудининг 81 йиллиги муносабати билан давра суҳбати ўтказилди.

 

«Ислом Каримов – мустақил давлат асосчиси, бош меъмори» мавзусига бағишланган тадбир Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси Марказий кенгаши, Тошкент вилояти кенгаши, Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси, Ислом Каримов Фонди ҳамкорлигида ташкил этилди.

 

Тадбир Ислом Каримов ҳайкали пойига гул қўйиш маросимидан бошланди. Меҳмонлар «Бутун оламни жо қилган юрак» кўргазмасини катта қизиқиш билан томоша қилдилар.

 

Давра суҳбатида «Миллий тикланиш» демократик партияси Марказий Кенгаши ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, партия фахрийлари ва фаоллари, «Ёшлар қаноти» ва «Аёллар қаноти» етакчилари, жамоатчилик вакиллари, талаба-ёшлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этдилар.

 

Давра суҳбатида эътироф этилганидек, Ислом Каримов номи халқимиз қалбида барҳаёт. Буюк давлат арбоби ва сиёсатчи, ўз юртининг ҳар бир фуқароси дардини ўз дарди деб қабул қилган, меҳр-оқибат, миллатлараро бағрикенглик, Ватан равнақи йўлидаги фидойилик, тинчлик ва барқарорлик масалаларига даҳлдорлик каби қатор фазилатларни ўзида жам этган буюк қалб эгаси Ислом Каримов ўзи яратган асарларида ҳам номини мангуликка муҳрлади. Айниқса «Юксак маънавият-енгилмас куч», «Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида», «Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш энг олий саодатдир» каби асарлари келажагимизни белгиловчи ўзига хос дастуруламал бўлиб қолаверади.

 

Тадбирда Биринчи Президентимизнинг рафиқаси, Ислом Каримов номидаги ёдгорлик мажмуаси ҳамда Ислом Каримов Фонди Ҳомийлик Кенгашининг аъзоси Татьяна Каримова, «Миллий тикланиш» демократик партияси Марказий Кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Сарвар Отамуратов, партия фахрийси, ёзувчи Иброҳим Ғафуров ва бошқалар сўзга чиқдилар.

 

Учрашувда Ислом Абдуғаниевичнинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган видеофильм намойиш этилди.