ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

Мартабали меҳмонлар Ислом Каримов хотирасига ҳурмат бажо келтиришди


04.04.2018

4 апрель куни Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасига Озарбайжоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Гусейн Рзагулу огли Гулиев ҳамда Тошкентдаги Озарбайжон маданият маркази раҳбари Самир Аббасов ташриф буюрдилар.

Меҳмонлар Ислом Каримов ҳайкали пойига гуллар қўйиб мамлакатимизнинг Биринчи Президенти хотирасига ҳурмат бажо келтирдилар.

«Бутун оламни жо этган юрак» кўргазмаси билан танишгач, элчи жаноблари фахрий меҳмонлар китобида қуйидаги дастхатни ёзиб қолдирди.

«Ислом Каримов ҳаёти ва фаолияти қамраб олинган кўргазма мазмун-моҳияти жиҳатидан жуда таъсирли. Музейни ташкил этиш ғояси «Халқ ўз тарихини билиши керак» ғоясига тўлиқ жавоб беради. Ўзбекистон бой тарихга, серқирра маданиятга, Амир Темур ва Ислом Каримовдек буюк аждодларга эга. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга мана шундай музейни ташкил қилиш ташаббуси учун чуқур инсоний миннатдорлик билдиришни зарур деб биламан»-дейилади элчи жанобларининг дастхатида.

Шу куннинг ўзида Ислом Каримов номидаги мажмуа раҳбариятининг Озарбайжон элчиси билан учрашуви бўлиб ўтди.  

Суҳбат давомида Баку шаҳридаги Гейдар Алиев номли марказ билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш, пойтахтимиздаги Озарбайжон маданият маркази билан маданий-маърифий тадбирлар ташкил этиш имкониятлари муҳокама қилинди.

Музокаралар якунида меҳмонларга «Ислом Каримов – Мустақил Ўзбекистон асосчиси» китоб-альбоми тақдим этилди.

Учрашувда Ислом Каримов номидаги мажмуа раҳбари Темир Ширинов, Мажмуа раҳбари ўринбосари Турсунали Қўзиев,  халқаро бўлим бошлиғи Умид Азизов, Ислом Каримов номидаги Фонд Бошқаруви раиси Ботир Убайдуллаев иштирок этдилар.

Фарход Курбанбаев олган суратлар