ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

Истиқлол тиклаган қадриятлар: Наврўзи олам


17.03.2018

16 март куни Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий мажмуасида анъанавий очиқ машғулот ўтказилди. Бу галги тадбир  «Истиқлол тиклаган қадриятлар: Наврўзи олам» мавзусига бағишланди.

Даставвал тадбир қатнашчилари Биринчи Президентимизнинг ҳайкали пойига анвойи гуллар қўйиб, унинг хотирасига ҳурмат бажо келтирдилар.

Ислом Каримовнинг 80 йиллигига бағишланган «Бутун оламни жо этган юрак» номли кўргазма ёшларни бефарқ қолдирмади. Кўргазма мутахассислари билан бўлиб ўтган мулоқот, турли мазмундаги савол-жавоблар, бу ердаги фотосуратлар, тасвирий санъат усталарининг ижод маҳсуллари меҳмонларда, айниқса ёшларда катта қизиқиш уйғотганидан далолат беради.

Мажмуанинг конференция зали ҳар галгидек тингловчилар билан гавжум бўлди. Ёдгорлик мажмуаси раҳбарининг ўринбосари Турсунали Қўзиев Оқсарой қароргоҳида Ислом Каримовнинг хотирасига ҳурмат тариқасида мана шундай мажмуани барпо этишга қарор қилган Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ғояси, хали дунёнинг бирон бир мамлакатида амалга оширилмаган лойиҳа эканлигига алоҳида тўхталди. Яъни, Биринчи Президент ҳаёти ва фаолиятига бағишланган музей ҳамда унинг меросини ўрганишга қаратилган илмий марказнинг айнан Ислом Каримов умрининг асосий қисми ўтган, унинг бевосита иш жойи бўлган Оқсаройда жойлаштирилиши маънавий, мантиқий нуқтаи-назардан узоқни кўзлаб қабул қилинган қарор сифатида эътироф этилди.

Таниқли шоир Сирожиддин Саид Ислом Каримовнинг тарихий қадриятларимизни тиклашдаги хизматларига тўхталар экан, Наврўзнинг халқимизга қайтарилиши, ўша пайтларда ҳеч муболағасиз жасорат билан тенглаштиришга лойиқ қадам бўлганини таъкидлади.

Миллий университет доценти Шаҳноза Мадаева ўз чиқишида Ислом Каримовни ўтмиш билан келажакни боғлаган шахс сифатида таърифлаб, бунинг амалий тасдиғини сермазмун мулоҳазалари асосида ёритиб берди.