ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

ИСЛОМ КАРИМОВ – МУСТАҚИЛ ЎЗБЕКИСТОН АСОСЧИСИ


26.08.2021

2021 йил 26август куни Тошкент фотосуратлар уйида “ИСЛОМ КАРИМОВ МУСТАҚИЛ ЎЗБЕКИСТОН АСОСЧИСИ” – фотокўргазмаси очилди.

Фотокўргазма Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг  “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида”ги 2017 йил 25 январдаги ПҚ-2744-сонли қарори кўра, Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг Хотира ҳафталиги доирасида бўлиб ўтди.

Тадбирни Ўзбекистон Бадиий Академияси раисининг ўринбосариФ.Э.Тошмуҳамедов кириш сўзи билан очар экан, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг олижаноб инсон, узоқни кўра биладиган доно ва кучли давлат арбоби сифатида улкан тарихий даврни ўзида мужассам этгани,юртимизнинг кўп асрлик тарихида ўчмас из қолдирганини таъкидлади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси раҳбари Т.Ширинов ўз табрик сўзида,мустақил Ўзбекистон давлатининг асосчиси Ислом Каримовнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида ҳикоя қилувчи ушбу фотокўргазмада кўзга ташланиб турган асосий нуқталардан бири бу – давлат раҳбарининг метин ирода соҳиби бўлгани, бу ҳолат у кишининг бутун бир даврни қамраб олган суратларида акс этгани, қолаверса, буюк давлат арбоби сиймосида Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий тарихи ҳам намоён бўлишини таъкидлади.

Шунингдек, Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси фото-рассомлар шўъбаси раиси Р.Шарипов мазкур суратларнинг бадиий қиймати, ундаги образлар ҳақида сўзлади. Унга кўра, ҳар бир сурат ўз тарихига эга ва улар Биринчи Президент фаолиятининг муҳим воқеликлари ҳақида ҳикоя қилади.

Фотокўргазмада таниқли санъатшунос олимлар, рассомлар,  жамоатчилик вакиллари,ҳарбийлар, журналистлар иштирок этдилар.