ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

ИСЛОМ КАРИМОВ ХОТИРАСИ ҲАФТАЛИГИ


23.08.2021

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 25 январдаги 2744-сонли “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов хотирасини абадийлаштириш тўғрисида”ги қарорига асосан Хотира мажмуасида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовни хотирлаш ҳафталиги бошланди.

Шу муносабат билан жорий йилнинг 23 август куни Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйилди, ёрқин хотирасига ҳурмат бажо келтирилди.

Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси раҳбари Темур Ширинов Ислом Каримов хотира ҳафталигини очар экан, жумладан, шундай деди:  “Истиқлол йилларида мамлакатимиз эришган барча ютуқ ва марралар Биринчи Президентимиз номи ва фаолияти билан боғлиқ. Ислом Каримов Ўзбекистонни мустақил, жаҳонда ўз ўрни ва сўзига эга давлатга айлантирди”.

Тадбирда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг рафиқаси Татьяна Акбаровна Каримова иштирок этди ва буюк сиёсатчини хотирлар экан, қуйидаги сўзларни таъкидлади: “Ислом Каримов Ўзбекистон мустақиллиги ва янги давлатчилик асосчисидир, у моҳир сиёсатчи ва оқил ислоҳотчи сифатида юртимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги йўлида амалга оширган ишлари Ватанимиз тарихида ўчмас из қолдирди”.

Маросимда Ислом Каримов ёдгорлик мажмуаси, Ислом Каримов номидаги хайрия жамоат фонди, “Соғлом авлод учун” хайрия жамоат фонди, Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети ҳамда Ислом Каримов номидаги “Тошкент” халқаро аэропорти ходимлари иштирок этди.