ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

Ҳамиша хотирамиздасиз


27.02.2019

Бугунги кунда Оқсарой қароргоҳи ҳудудидаги «Бутун оламни жо қилган юрак» кўргазмаси юртимизнинг энг мўътабар зиёратгоҳларидан бирига айланган.  Биринчи Президентимизнинг ҳаёти ва фаолияти билан қисман бўлса-да танишиш имконидан баҳраманд бўлишни истаганларнинг кети узилмайди.

 

Айниқса, Ислом Каримовнинг нафақат давлат раҳбари, балки шахсий ҳаётига оид лаҳзалар – оила даврасида, яқин дўстлари, оддий одамлар билан ҳамсуҳбат бўлган чоғлари акс эттирилган фотосуратларни ташриф буюрувчилар катта қизиқиш билан томоша қилмоқдалар.

 

Меҳмонларнинг эсдалик китобига битилаётган дастхатлардан ҳам англаш мумкинки, ҳар бир киши, ёшидан қатъий назар, мазкур кўргазмадан маънавий озуқа олиб, кўплаб саволларига жавоб топиб кетмоқда. Ўз ҳаётини ўзгаларга бахшида қилиб яшаган буюк шахснинг серқирра ҳаёти ва фаолияти кўпчиликка, айниқса ёшларга ибрат бўлиши ўз-ўзидан аён.

 

27 февраль куни Ёдгорлик мажмуасига Тошкент темир йўллар муҳандислари институти педагоглари ва талабаларидан бир гуруҳи ташриф буюрди. Меҳмонлар Биринчи Президентнинг ҳайкали пойида Ислом Каримовнинг хотирасини ҳурмат ила ёдга олдилар.

Татьяна Каримова ҳамроҳлигида «Бутун оламни жо қилган юрак» кўргазмаси экспозицияси билан яқиндан танишиб ўз таассуротларини эсдалик китобига битилган дастхатда ифода этдилар.