ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

«Дунёга танилган, дунё тан олган»…


23.01.2019

Ислом Каримов номидаги ёдгорлик мажмуасида жойлашган, «Бутун оламни жо қилган юрак» кўргазмаси янги, нодир ва қимматли экспонатлар билан бойитилди.

 

Биринчи Президентимизнинг рафиқаси Татьяна Каримова томонидан кўргазмага тақдим этилган, орден ва медаллардан иборат мукофотлар тўплами Ислом Каримовга хорижий давлатларнинг етакчилари, халқаро ташкилот ва тузилмаларнинг раҳбарлари томонидан топширилган.

 

Намойиш этилаётган тўплам, Биринчи Президентимизга берилган олий даражадаги халқаро мукофотларнинг бир қисми холос. Келгусида, мазкур экспонатлар тўлиқлигича Ислом Каримов номидаги музей экспозициясидан ўрин эгаллайди.

 

Кўргазма экспозициясидан ўрин эгаллаган мукофотлар қаторида Ислом Каримовга топширилган Корея республикасининг Катта «Мугунахва» ордени, Болгария Республикасининг олий давлат мукофоти «Стар Планин» ордени, Италиянинг «Хизматлари учун» ордени, Польшанинг 1 даражали «Хизматлари учун» ордени, Испаниянинг «Фуқаролик хизматлари учун» ордени, Литванинг «Буюк Витаутас» ордени ўрин эгаллаган. Улар орасида шахсан Татьяна Акбаровнага топширилган мукофотлар ҳам бор.

 

Кўргазмага ташриф буюраётганлар, айниқса ёш авлод вакилларида янги экспонатлар катта қизиқиш уйғотаётгани табиийдир. Бу каби экспозиция кенг омма эътиборига биринчи марта тақдим этилмоқда.

 

Республикамизнинг олий даражадаги унвони «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони соҳиби Ислом Каримов мукофотлаш масаласида ўз халқига нисбатан серҳиммат ва бағрикенг бўлган. Ҳамюртларимиздан ташқари қанчадан-қанча хорижий давлатларнинг вакиллари Биринчи Президентимиз қўлидан турли даражадаги давлат мукофотларини қабул қилиб олган.

 

Шунинг баробарида, Ислом Абдуғаниевичнинг ўзларини тақдирлаш ҳақида мутасадди идоралардан таклиф тушганида, у киши мамлакатимизда мард ва фидойи, мукофотга лойиқ инсонлар кўплигини, аввало уларни тақдирлаш лозимлигини таъкидлаб, таклифни рад этардилар.  

Буюклик камтарликда зоҳир бўлишининг тасдиғидир бу.