ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

Буюк инсон қалбимизда


22.02.2022

Мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг 84 йиллигига бағишлаб, ижтимоий тармоқларда ижодкор ёшлар ўртасида ўтказилган танловнинг “Буюк инсон қалбимизда” деб номлангани бежиз эмас. 

Ислом Каримов ҳақиқатан буюк тарихий шахс эди. У буюк ишлари туфайли сайёрамизнинг нуфузли сиёсатчиларидан бири сифатида тан олинди.

Биринчи Президентимизнинг муваффақиятлари жахонда Ўзбекистон муваффақияти сифатида тан олинди. Ислом Каримов раҳнамолигида Ўзбекистон том маънода Мустақилликка эришди.

Юрт етакчиси эса, ўзига қўл билан тиклаб бўлмайдиган ҳайкал қўйди. Ҳайкалнинг номи эса “Халқ меҳри, садоқати ва ишончидир”. Унинг сиймоси инсонларнинг қалбидан чуқур жой эгаллади.

Ижтимоий тармоқларда Ислом Каримов хотирасига бағишлаб ўтказилган танлов ва унда ёшларнинг фаол иштироки фикримизнинг ёрқин тасдиғидир.

19 февраль куни Ёдгорлик мажмуасида танлов ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилди.

Турли вилоятлардан ташриф буюрган ҳамюртларимиз “Бутун оламни жо қилган юрак” фотокўргазмасини катта қизиқиш билан томоша қилдилар.

Тақдирлаш маросими, мажмуа худудида жойлашган Исом Каримов номидаги кутубхонанинг мажлислар залида ўтказилди. Тадбирда Биринчи Президентнинг рафиқаси Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси Васийлик Кенгашининг аъзоси Татьяна Каримова, Республика маънавият ва маърифат маркази рахбари Минхожиддин Мирзо, Соғлом авлод учун Халқаро хайрия фондининг рахбари Светлана Иномова, Ислом Каримов фонди Бошқарув раиси Ботир Убайдуллаев, Камолиддин Беҳзод номидаги миллий рассомчилик ва дизайн институти профессори Собир Рахметов, Ёдгорлик мажмуаси рахбари Темур Ширинов хозир бўлдилар.

Мазкур танлов ижтимоий тармоқдаги “Ислом Каримов” каналининг асосчиси Элдор Умурзоқов ташаббуси билан ташкил этилган. Унинг ўтказилишида “Ислом Каримов”, “Менинг Биринчи Президентим”, “Дочь Каримова” каналларининг асосчилари ҳамда “Ислом Каримов” каналининг администраторлар гурухи фаол иштирок этганлар.

Танлов Биринчи Президент хотирасига бағишланган “Энг яхши видеоролик”, “Энг яхши мақола ва шеър”, “Энг яхши чизилган сурат” номинациялари бўйича ўтказилди.

Кечада ғолиб чиққан ёшларнинг ижод махсуллари намойиш этилиб, муаллифлар томонидан шеър ва мақолалар ўқиб эшиттирилди.

Ғолибларга Ислом Каримов ҳаёти ва фаолиятига бағишлаб чоп этилган хотира китоблари, фотоальбомлар, медаллар ва маркалар тўпламлари совға қилинди.

Таъкидлаш жоиз, совғалар асосан, мазкур тадбирга алоҳида меҳр билан ёндошган Татьяна Акбаровна томонидан тақдим этилди.

Биринчи Президентимизнинг рафиқаси барча йиғилганларга, айниқса танлов қатнашчиларига ўзининг самимий миннатдорлигини изхор қилиб, ҳаёти, фаолияти ва ижодида улкан зафарлар тилади.

Учрашув ниҳоятда самимий ва кўтаринки рухда ўтди.

Сўзга чиққанлар халқимизнинг чексиз муҳаббатини қозонган, мустақил мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов қалбларимизда абадий қолиши, айниқса, келажак авлодлар хотирасида тинчлик, барқарорлик, фаровонлик ва тараққиёт раҳнамоси, буюк давлат арбоби сифатида мангу яшаши хақида тўлқинланиб гапирдилар. Кеча якунида кўпчилик эсдалик учун суратга тушиш истагини билдиргани боис, фотосуратчи ва тасвирчиларнинг қўли қўлига тегмади.

 

Ф.Курбанбаев фотосуратлари