ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

Аёлни улуғламоқ – Ватанни, ҳаётни улуғламоқ деганидир. Ислом Каримов


07.03.2019

ОНА, АЁЛ!.. Одамзот ўзини таниганидан бери бу сирли ва ажиб хилқатга таъриф ва таъбир тополгани йўқ! Ҳар бир қалб Муҳаббат туйғусини ўзича янгилагани каби Аёлга нисбатан тавсифлар ҳар сафар янгиланаверади. Лекин, ҳеч қачон ўзгармайдиган битта илоҳий ҳақиқат бор: Яратган эгам Уни ОНА деган юксак мақом билан сийлаган. Бежиз Она Ватан, Она табиат, Она тили, Она тупроқ, дея унинг муқаддас ва муҳтарамлигига алоҳида урғу берилмайди. Не-не улуғ авлиё-ю пири комиллар, аллома-ю донишмандлар ҳам Аёл шаънига қиёс ахтариб ўтганлар.

 

Минг йиллар давомида ҳар қайси жамиятнинг маданий даражаси ва маънавий баркамоллиги ҳам аёлларга бўлган муносабат билан белгиланган. Аёлни эъзозлаш, унга эҳтиром кўрсатиш Шарқ халқларига, жумладан, ўзбек халқига хос хусусиятдир. Муборак ҳадиси шарифда келтирилган “Жаннат оналар оёғи остидадур”, “Аввал онангизга, яна онангизга, ва яна онангизга, сўнгра отангизга яхшилик қилинг”, деган беназир сўзларда ҳам ана шу адоқсиз эҳтиром намоён бўлиб турибди.

 

Миллат аёлларни нечоғлик улуғласа, унинг ўзи ҳам шунчалик улуғланади. Халқимизда “Эр вазири-хотин”, деган нақл бор. Бу ўринда Аёл, ўз жуфти-ҳалолининг яқин маслакдоши, ўз фикри ва қарашларига эга шахс, етакчига йўл кўрсата олиш қобилиятига эга оқила, орифа инсон сифатида намоён бўлмоқда.

 

Таъкидлаш жоиз, Амир Темур ҳукмронлиги йилларида ҳам аёлларнинг мавқеи юксак бўлган.

Хон авлодига мансуб Сароймулкхоним ҳарамдаги барча маликалардан улуғроғи ҳисобланиб, “катта хоним” ёхуд “Бибихоним” деган унвонга ноил бўлган.  Давлат ва мамлакат идорасига оид қурултой, кенгаш ишларида тўғридан-тўғри қатнашиш ҳуқуқи бўлмагани ҳолда Сароймулкхоним у ёки бу масала юзасидан Амир Темурга ёзма тарзда мурожаат этиш имконига эга шахслардан бири бўлган. Одатда хат билан давлат бошлиғига мурожаат этиш ҳуқуқига фақат чет эллик ҳукмдорлар эга эканлигини инобатга олсак, Сароймулкхонимнинг саройдаги мавқеи нақадар баланд бўлганлигини идрок этиш қийин эмас.

Аёлни, онани ардоқлаш ва қадрлаш, ҳурматини жойига қўйишдан иборат Темур ва Темурий қадриятлар мустақиллик йилларида янгича мазмун билан бойиди. Юртимизда хотин-қизларнинг давлатни бошқариш, таълим-тарбия ишлари, тадбиркорликда фаол иштирок этишлари учун кенг имкониятлар яратиб берилди.

Фикримизнинг ёрқин тасдиғини Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг мамлакат хотин-қизларига нисбатан муносабатида ҳам кўриш мумкин. Чорак аср давомида аёлларни қадрлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, давлат сиёсати даражасида турган устувор масала бўлиб келган.

 

Мамлакатимиз мустақилликка эришгандан сўнг қабул қилинган қонунларимизда аёллар  ҳуқуқларига инсон ҳуқуқининг алоҳида ажралмас қисми сифатида қарала бошланди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 46-моддасида: «Хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидирлар»  дея эътироф этилиши мамлакатимизда аёллар жамиятнинг фаол аъзоси сифатида барча соҳаларда кенг қамровли иштирок этишининг ҳуқуқий кафолати белгиланганидан далолат беради. Шунингдек, давлатимиз инсон ҳуқуқлари бўйича умумэътироф этилган халқаро ҳужжатларга, жумладан, 1995 йили «Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шакл­ларига барҳам бериш тўғрисида»ги Конвенцияга қўшилиши ҳам мамлакатимизда хотин-қизлар масаласига жиддий эътибор берилганини кўрсатади. 

1993 йил март ойида Мустақил Ўзбекистоннинг биринчи ордени таъсис этилган ва у бевосита аёлларнинг манфаати билан боғлиқ,  “Соғлом авлод учун” орденидир. 1995 йил март ойида Президентнинг “Ўзбекистон Республикасининг давлат ва ижтимоий қурилишида хотин-қизларнинг ролини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони эълон қилинади. Ушбу фармон асосида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раисига Бош вазирнинг ўринбосари, Қорақалпоғистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси раисига Қорақалпоғистон Вазирлар кенгаши раисининг ўринбосари, Тошкент шаҳри ва вилоятлар ҳамда туман-шаҳар Хотин-қизлар қўмиталари раисларига ҳоким ўринбосари мақоми берилади. Шу вақтга қадар аёлларнинг жамиятдаги ўрни ва мақоми бу қадар юксак даражага кўтарилишини ҳатто тасаввур ҳам қилиб бўлмас эди. Бу йиллар аёлларимиз учун ҳеч муболағасиз уйғониш даври бўлди.

 

1999 йил Биринчи Президентнинг фармони билан аёлни муқаддас билиш, унга алоҳида эҳтиром кўрсатиш, ҳар томонлама етук ёшларни тарбиялашдаги беқиёс ўрнини яна бир бор эътироф этиш, улар орасидаги иқтидорли ёшларнинг адабиёт, санъат, фан ва маданиятни ривожлантиришдаги ютуқлари, жамият ҳаётидаги фаол иштирокини рағбатлантириш мақсадида Зулфия номидаги Давлат мукофоти таъсис этилган.

1999 йил “Аёллар йили”, 2000 йил “Соғлом авлод” йили, 2001 йил “Оналар ва болалар” йили, 2005 йил “Сиҳат-саломатлик йили”, 2012 йил “Мустаҳкам оила йили”, 2013 йил “Обод турмуш йили” деб эълон қилинишида ва шу муносабат билан амалга оширилган эзгу ишлар, тадбирлар замирида ҳам аёлга ҳурмат, эҳтиром, жисмоний камолоти хусусида фикрлаш, қайғуриш ҳисси мужассамлиги яққол намоён бўлди.

 

Мамлакатнинг сиёсий ҳаётида, давлат ва жамият бошқарувида, иқтисодиётнинг барча тармоқларида, маданият, илму – фан, халқ таълими, соғлиқни сақлаш, спорт каби ижтимоий соҳаларда аёлларнинг ўрни ва роли ортиб борганини кузатиш мумкин.

Яқинда эълон қилинган дунё парламентларидаги аёллар рейтингида Ўзбекистон, 193 мамлакат ичида, миллий парламентдаги аёллар сони бўйича 126 поғонада қайд этилган. Маълумотлар 2015 йил кўрсаткичларига асосланган бўлиб, ўша йили Олий Мажлис депутатларининг 100 нафаридан 17 нафари (17%) аёллар бўлган.

Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили – Омбудсман лавозимига ҳамда Парламентнинг Қонун чиқарувчи палатаси Спикери лавозимига аёл кишининг номзоди лойиқ, деб топилгани ҳам кўп нарсани англатади. Барчамизга ғурур бағишлайдиган яна бир кўрсаткич, Ўзбекистон Қаҳрамонлари орасида 15 нафари аёллардир.  Бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин. Ислом Каримовнинг аёлларга нисбатан ҳурмат ва эътиборини ҳар қадамда кузатиш мумкин эди.

 

Оила ва аёлнинг ижтимоий-ахлоқий фазилатларни шакллантиришга таъсири ҳақида Ислом Каримов шундай деган эди: «Халқимиз тарихига назар ташлайдиган бўлсак, энг қимматли анъаналар: ҳалоллик, ростгўйлик, ор-номус, шарму ҳаё, меҳру оқибат, меҳнатсеварлик каби барча инсоний фазилатлар энг аввало оилада шаклланган. Оила ҳақида сўз юритар эканмиз, аввало, кўз ўнгимизда Она сиймоси шаклланади. Нима деганда оила муқаддаслигини таъминловчи биринчи омил – Она, аҳли аёлнинг покизалиги, оқилалиги, меҳру муруввати, садоқати ва вафодорлигидир».

Мамлакатимизнинг Бош майдони – Мустақиллик майдонида ўрнатилган Мотамсаро она ҳамда Бахтиёр она ҳайкаллари пойида нафақат ҳамюртларимиз, балки дунёнинг турли давлатларидан келган юқори мартабали меҳмонлар таъзим ила бош эгадилар. Ўзбек аёли тимсолида Ўзбекистонга, ўзбек халқига чексиз ҳурмат ифодасидир. Ватан ҳимоячиларига ўрнатилган ҳайкалнинг тўридан ҳам оқ фотиҳага қўл очган Она сиймоси ўрин эгаллаган. Бундай эзгу ғояларнинг барчаси Биринчи Президентимизнинг таклиф ва тавсиялари асосида яратилган.

 

Аёлнинг инсоний қадрини жой-жойига қўйиш, уни улуғлаш, сўзсиз ақл-идрок тантана қилган, инсон ўзлигини ва жамиятнинг инсон олдидаги жавобгарлигини чуқур тушунган юртдагина амалга оширилиши мумкин. Аёл қадри ижтимоий ҳаётда ўз ўрнини топмас экан, аёл жамиятнинг эркинлик, осойишталик мезонига айланмас экан, бу жамиятда барқарорлик, бунёдкорлик ҳукмронлик қилиши мумкин эмас. Ислом Каримов бутун умри давомида аёлларга нисбатан муносабатда айни шу тамойилга таяниб яшаган.

 

Шу ўринда бир ҳикматли сўзни келтириб ўтиш жоиз, Эркакнинг мангулик ўлчови мингта. Давлат, шуҳрат, унвон, мансаб… Аёлнинг ўлчови эса битта, у ҳам бўлса фарзандларидир. Фарзандни дунёга келтиргунча аёл жон билан талашиб, не бир азият билан уни бағрига босади. Балки шу боис ҳам боласи учун ўзидан кечишга ҳам тайёр. 

 

Шу боис, аёл алласини ўзига хос миллат мадҳияси дейишга ҳақлимиз. Чунки бунда Ватанни ўзига жам қилган онанинг орзуси, унинг жавобгарлиги, унинг меҳри жўш уриб туради.

Мушоҳадаларимизни Президент Шавкат Мирзиёевнинг қуйидаги сўзлари билан якунламоқни ўринли деб билдик: “Онани, аёлни рози қилсак, халқ биздан рози бўлади...”.

Фарход Курбонбоев олган суратлар