ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

Руҳиятнинг қудрати


13.01.2018

Тиббиёт фанлари доктори, профессор Акбар Имомов бадиий ижод билан ҳам шуғулланади. У яқинда "Руҳият қудрати" номли китобини ёзиб тугатди. Асар Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг серқирра ва ибратли раҳбарлик фаолиятининг психологик сифатлари ва мезонларига бағишланган. Қуйида ижодкорнинг ушбу китобидан парча ўқийсиз.

Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти, буюк давлат арбоби ва доно сиёсатчи Ислом Каримов кундалик фаолияти мобайнида минглаб кишилар билан мулоқотга киришган ва улар орасида оддий фуқародан тортиб йирик давлат бошлиқларигача бўлган. Ушбу шахслараро муносабатлар жараёнида Юртбошимиз ҳар бир инсон дардини, муаммосини диққат билан тинглаган, юрагидан ўтказган, ҳамдардлигини намоён этган ва ечими ҳақида ишончли фикр билдириши орқали уларда ижобий руҳий кайфият шакллантирган. Касб фаолиятим тақозосига кўра, ушбу китобимда юксак ақл-идрок ва теран тафаккур соҳиби Ислом Каримовнинг эҳтиросли психологик қиёфаси, маънавий қудратига баҳоли қудрат таъриф-тавсиф беришга ҳаракат қилдим.

Ислом Каримов суҳбатдошига ҳамиша ижобий таъсир ўтказган. Натижада мулоқот мобайнида иштирокчиларнинг юзлари, кўзлари ифодасида намоён бўладиган кўтаринки руҳий кайфият шахслараро муносабатларнинг умумий ижобий кўриниш олишини таъминлаган. Бундай ижобий психологик ҳолат юрт раҳбарида омманинг руҳий кайфиятига таъсир қилиш даражаси юқорилигини билдиради. Фикримиз исботи сифатида Ислом Каримов билан бўлиб ўтган мулоқотларни мисол келтириш ўринли. Аҳоли билан учрашувлар ҳамма вақт ўта самимий, шу билан бирга, ниҳоятда ҳаяжонли кечар, ҳар бир суҳбатдошининг қалбига йўл топа олар эдилар. Натижада мулоқот чоғида Президент билан иштирокчилар ўртасида шундай руҳий яқинлик пайдо бўлар эдики, ҳамма гапиргиси, ўз фикрини тортинмай ифода этгиси келарди. Улар бир муддат ёнларида Президент турганлигини ҳам унутиб қўйишарди. Бу шахслараро муносабатларда психологик мувозанат ҳосил бўлганлиги белгисидир. 

Буюк комил инсон сифатида мамлакатимиз раҳбари ўзининг малакаси, билими ва тажрибаси юксак даражада эканлиги билан мулоқот иштирокчиларидан устун турар эди. Масалан, Ислом Каримов соҳа вакили билан суҳбат қилганида шу соҳага тегишли бўлган ноёб маълумотларни келтирардиларки, бу ҳар қандай касб эгасини шошириб қўярди ва тенгма-тенг суҳбат олиб борарди. Бола билан болаларча соддалик, самимийлик билан мулоқотда бўларди. Натижада болалар рўпарасида Биринчи Президентимиз Ислом Каримов эмас, балки меҳрибон оталари тургандай ҳис этишиб, руҳан бир-бирига сингиб кетишарди. Демоқчиманки, меҳрибон Юртбошимиз Ислом Каримов шахслараро мулоқотларда суҳбатдошининг психологик кечинмаларини ички туйғуси орқали аниқ идрок этарди. Натижада суҳбатдоши "Мен айтмасам ҳам у киши менинг айтмоқчи бўлган дардимни олдиндан билдилар-а", деб қойил қоларди. 

Буюк Йўлбошчимизнинг сеҳрловчи сўзлари тингловчиларнинг қалбида эзгуликка бўлган интилишини уйғотиб, фаолликка чорлаган ва ҳар бир шахснинг олдига замон, миллат томонидан қўйилган юксак вазифани бажаришида дадиллик, ўзига ишонч туйғусини бағишлаган. 

Ислом Каримов ўзининг мукаммал ривожланган индивидуал психологик хусусиятлари билан бошқа раҳбарлардан ажралиб турган. Серқирра, сермаҳсул ва намунали раҳбарлик фаолиятининг психологик сифатлари, фикримизча, қуйидагилардан иборат:

– тартиб-интизомга тўлиқ риоя қилиш, ишхонасида саранжом-саришталик, иш қуроллари, ҳужжатлари жой-жойида бўлиши;

– ўз фаолияти мобайнида назарий билимларидан ва орттирилган амалиёт тажрибаларидан унумли фойдаланиши;

– мустақил равишда қарор қабул қилиши ва унинг ижросини назорат қилиши;

– ўзи қабул қилган қарорлар, фармойишлар учун юксак жавобгарлик ҳисининг борлиги ва уларда хатога, ноаниқликларга йўл қўймаслиги;

– қарорлар қабул қилишда субъектив фикрлар ва хулосаларга асосланмаслиги. Аксинча, ҳаётий тажрибалар, кўникмалар ва билимларга таянган ҳолда иш тутганлиги;

– доимий равишда бошқарув маҳоратини ошириб бориши, илмий изланишлар билан шуғулланиши, замон, давр талабларидан келиб чиққан ҳолда информацион технологиялардан хабардор бўлиши ва фойдалана билиши;

– фаолияти давомида қонунлар, тавсияларга тўлиқ амал қилиши ва муқобил дастурларни чуқур ўрганиши;

– юқори мартабали раҳбар сифатида якуний хулоса чиқаришидан ва қарор қабул қилишидан олдин дастур, режа, қарор лойиҳаси юзасидан шу соҳага тегишли бўлган малакали мутахассислар ва экспертлар муҳокомасидан ўтказганлиги.

Ислом Каримовнинг яна бир муҳим психологик сифат белгиси ҳақида айтиш лозим: бу – зиммасидаги функционал вазифаларини бажаришида ижрочилик интизомига доимий равишда амал қилишлик ва белгиланган муддатда, тўлиқ, сифатли бажаришга одатланиш. И.Каримов кундалик иш фаолияти мобайнида қилинган ишларини таҳлил қилиш, муаммолар ҳақида доимий ўйлаш ва у ёки бу масалада тўғри қарор қабул қилганлигига ишонч туйғусини ўзида шакллантирганлиги билан ажралиб турган. Шу билан бирга, аналитик фикрлаши орқали тўғри йўлдан бораётганлигига доимий равишда аниқлик киритиб борган. 

Буюк Йўлбошчимиз ҳамма вақт ҳам ички психологик кечинмаларини тўғри тасаввур қилган ва ўзига ишонган ҳолда иккиланишга йўл қўймаган. Шу билан бирга, ўринбосарларнинг, маслаҳатчиларнинг фикрларига қулоқ солган. Лекин муҳим қарорлар қабул қилишда мустақил бўлган. Чунки, маслаҳат бериш осон, аммо қарор қабул қилиш ва уни ижро этиш жуда қийин. Шу сабабли Ислом Каримов мураккаб муаммонинг ечимини топишда, тўғри ва объектив қарор қабул қилишда ўзининг ички психологик имкониятларига асосланган. 

Ислом Каримовда раҳбарлик мезонлари халқаро стандартларга тўлиқ мос келган. Буни руҳий ривожланишининг юқорилиги ва туғма бошқарув иқтидорининг борлиги тасдиқлайди. Ушбу ноёб психологик сифатлар тўлиқ шаклланганлигини Президентлик фаолияти мобайнида Ўзбекистон эришган иқтисодий, ижтимоий ютуқлар, халқимиз турмуш даражаси узлуксиз ошиб борганлиги ва халқаро майдонда "Ўзбек модели" сифатида тан олинганлигимиз исботлаб турибди.

Биринчи Президентимизнинг халқлараро ва давлатлараро серқирра фаолияти ҳам таҳсинга лойиқ. Мунозарали масалаларни доим тинч йўл билан ечишга эришган. Шу сабабли юртимизда 100 дан ортиқ миллат ва элат яшашига қарамасдан, ҳозиргача улар ўртасида бирор марта ҳам низо чиққан эмас. Ҳаммаси бир халқдай, бир миллатдай ҳамжиҳатликда ишлаб ва яшаб келишмоқда. Бу ҳам ҳалқпарвар ва меҳрибон Юртбошимиз Ислом Каримов ижтимоий фаол сиёсатининг ва халқининг дарди билан яшаганлигининг маҳсулидир.

Ислом Каримов дадил, довюрак, ислоҳотчи, амалиётчи, башоратчи эдилар. Буюк Йўлбошчимизнинг бу юксак хислатларини давлат бюджетини шакллантириш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва Ўзбекистоннинг истиқболи учун мўлжалланган дастурларни тузишдаги ўта аниқ ҳисоб-китоблари орқали билиш қийинмас. Ислом Каримовда абстракт тафаккур юксак даражада ривожланганлиги сабабли республикамизда ва жаҳонда бўлаётган воқеа-ҳодисаларни ўткир идрок этганлар ва тезкорлик билан хулоса қилиш қобилиятига эга эдилар. Фикримиз исботи сифатида Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпиннинг юртимизга расмий ташрифи вақтида Биринчи Президентимиз Ислом Каримовга берган баҳосини келтириш ўринлидир: "Сиз, жаноби олийлари, доно ва узоқни кўра биладиган раҳбарсиз. Сизнинг раҳбарлигингизда Ўзбекистон юқори кўрсаткичларда ривожланиб бормоқда. Мен Сиздан, жаноби олийлари, раҳбарлик сирларини ўрганишим керак экан". Бундай ҳаққоний, юксак ва одилона берилган баҳога ҳамма давлат раҳбарлари лойиқ кўрилавермайди. 

Сиёсий мунозараларда ҳам буюк Юртбошимиз қатъиятлик, дадиллик билан миллатнинг, давлатнинг манфаатларини ҳимоя қилганлар. Айрим сиёсий ўйинларда, мантиққа таянган ҳолда, фактларга асосланган фикр ва хулосалари якуний ютуққа олиб келган. Шундай қилиб, пухта ўйлаш, асослаш, рационал фикрлаш, хулоса қилиш, Ватан имкониятларига мос келадиган режалар тузиш, бажарилиши аниқ бўлган қарорлар қабул қилиш ва жамият фикрига таяниш каби ноёб руҳий хислатлар буюк давлат арбоби ва доно сиёсатчи Ислом Каримовга хос эди.