ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов ҳайкали қаршисидаги ўйлар


09.01.2018

 Ишончим комил, Ислом Абдуғаниевичнинг ҳайкали қад кўтарган мана шу табаррук маскан халқимиз учун,

юртимизга келадиган минг-минглаб азиз меҳмонлар учун муқаддас зиёратгоҳга айланади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев

 

Кўҳна кентнинг юраги дея эътироф этилувчи Регистон мажмуаси олд майдонидан ўтаётиб, дилимни ажиб бир сархушлик эгаллади. Қувончдан қалбим энтикиб кетгандек бўлди гўё. Бу қутлуғ жойларга кўп бор келганман. Бу йўлаклардан ҳам биринчи марта ўтаётганим йўқ. Ҳар сафар Регистон қаршисида ҳайрат оғушида қолганим рост. Лекин бу галгиси олдингиларидан бошқача кечди. Атроф шунчалик жозибали ва мафтункор эдики, суқланиб боққанинг сайин сеҳрлангандек сезасан ўзингни.

Ҳайрат

Шердорга туташ майдон орқали секин Регистон ёнидаги хиёбон томон одимлайман. Хиёбонга яқин келишингиз билан боғ ўртасида Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти И.А.Каримовнинг салобатли ҳайкалига кўзингиз тушади. Оҳисталик билан зиёратчилар оралаб улуғ инсон сиймосига яқин келаман. Дилимни ҳаяжон чулғайди. Биринчи Президент хаёлимда ҳаёт бўлиб жонланади. Беихтиёр таъзимга бош эгиб, кўнгил мамнунлигини, миннатдорлик туйғуларимни унсиз изҳор этаман. Отахон мамнун қиёфада ҳайкалга боққанича қўлларини очиб, дуо қиляпти. Пичирлашини эшитмадим, бироқ биламанки, отахон бугунги фаровон кунларимизга шукрона айтиб, шукуҳли ҳаётимизга замин яратиб кетган табаррук инсоннинг охирати обод бўлишини Аллоҳдан тиламоқда. Меҳр ва садоқат, оқибат ва ҳурмат, қадрлаш ва хотирлашнинг оддий ва самимийси шу эмасми?! 

Ёдгорликнинг ўнг ва сўл томонларини айланаман. Боғдаги барча юмушлар дид билан бажарилганидан янаям ҳайратим ошади. Ям-яшил арчалар, заъфарон тус баргларини тўкиб улгурмаган каштан дарахтлари бир-бирига уйғун ва мос равишда янада чирой, мафтункорлик касб этган.

Хиёбондан чиққинг келмайди, қандайдир бир илоҳий куч қўлингдан тортиб тургандек, узоқ қолиб кетганингни билмай қоласан. Атроф манзарасидан сархуш бўлганинг бир томон, иккинчи муҳим жиҳат шундаки, бу жойларнинг ҳар қаричи табаррук ва муқаддас. Бу заминнинг ҳар бир қадамида илоҳият, беҳисоб сир-синоат бор. Не-не буюклар, алломаларнинг, мард ва жасур аждодларимизнинг қадам излари қолган. Шу боис бу заминни қанчалик тавоф қилсанг-да барибир кам. Биринчи Президентимизнинг болалик йиллари ҳам айнан шу қутлуғ жойларда ўтган. Регистон миноралари, Амир Темур мақбараси, Бибихоним, Шоҳи Зинда мажмуаси обидалари И.Каримовга жуда кичиклик пайтидан яхши таниш, гўдаклигидаёқ юрагига сингиб кетган. У ўқиган мактаб ҳам Регистонга яқин, Бибихоним тарихий обидасининг ёнгинасида.

Устозга таъзим

Ислом Каримовнинг сиймосига боқиб, унинг болалик, ўқувчилик даври ҳақида устозининг дил сўзларини эшитганим ёдимга тушди. 1999 йилнинг 22 декабрида вилоят ҳокимиятининг мажлислар залида Президентлик сайлови муносабати билан И.А.Каримов самарқандлик сайловчилар вакиллари билан учрашувга ташриф буюрган. Учрашув жуда самимий руҳда бошланди. Сўзга чиққанлар Президентликка номзод Ислом Абдуғаниевич ҳақида, у кишининг ибратли ишлари хусусида тўлиб-тошиб гапирдилар. (Ушбу учрашув ёзилган видеокассетани ҳануз эҳтиёт қилиб сақлаяпман). Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоира Хосият Бобомуродова Шаҳрисабзда таваллуд топган Амир Темур бобомизнинг қадимий Самарқандни пойтахт қилиб, обод ва гўзал шаҳарга айлантиргани ва йиллар ўтиб, Самарқанд фарзанди И.Каримов Қашқадарёга биринчи раҳбар бўлиб боргани ва кейинчалик республика Президенти сифатида Қашқадарёни гуллаб-яшнатганини лирика ила лутф қилди. Айниқса, Самарқанд шаҳридаги 21-мактабнинг собиқ директори Ҳалим ота Абдураҳмоновнинг сўзлари ҳаммани жунбушга келтирди: "87 ёшим, оқ сочим, азиз бошимни эгиб, сизга салом бергани келдим. Ислом Абдуғаниевич, Худойи таоло Сизга назар қилган экан, 10 йиллик олтин медаллик аттестатни мен Сизга 1953/54 ўқув йилини тамомлашда ўз қўлим билан топширдим. 

Исломжон, менинг 63 йиллик ўқитувчилик стажим бор. Сиз мактабни битирган йилдан ушбу сурат ёдгорлик қолган экан. Орадан 45 йил ўтгандан сўнг мана шу суратнинг асл нусхасини Сизга топшираман. Бундан ёр-биродарларингизни, муаллимларингизни ёдга оласиз. Исломжон, менинг ёшим тўқсонга яқинлашди. Худодан тилагим, менга яна 90 йил умр берсин, шу умрни мен Сизга бағишлайман!" 

Кекса муаллим гапираётган паллада залдагиларнинг бутун вужуди қулоққа айланган, ҳаяжон уммони ичра ғарқ эди. Нутқнинг бир неча бор олқишлар билан бўлингани боиси ҳам шунда эди. Шу дамда ҳамманинг нигоҳи Ислом Каримовда эди. У муаллими хотираларини ниҳоятда диққат билан, берилиб тинглади. Ўқитувчиси сўзини якунлаши билан президиумдан тушиб, минбарга яқин келди. Тарихий суратни олиб, устозини меҳр билан бағрига босди ва миннатдорчилик билдирди. Бу устозни эъзозлаш, унга ҳурмат кўрсатишнинг ибратли намунаси эди.

Дарҳақиқат, шу куни айтилган барча гаплар юракларнинг таг-тубидан сизиб чиқди. Ҳар бир сухан меҳр билан изҳор этилди. Шу боис чеҳраларда самимият балқди, юракларда севинч жўш урди. Бутун зални қамраган қувонч ва ҳаяжон Ислом Абдуғаниевични ҳам оғушига олган эди. Ўша пайтда мамлакатнинг биринчи раҳбари кўп гапирмади. Ҳаяжон бунга изн бермади деб ўйладик биз. Юраклар тўлиб-тошганда шундай бўлиши табиий бир ҳол. Бундай пайтларда унсиз қарашларда, мамнун нигоҳларда кўп нарса акс этиб турарди. Ислом Абдуғаниевич қўлини кўксига қўйиб, ҳамюртларига, самарқандликлар вакилларига қайта-қайта таъзим бажо келтирди. Зални гулдурос ва давомли қарсаклар тутиб кетди.

Мустақиллик фарзандлари

Хиёбонга туташ Тошкент кўчаси бошланишидаги ўриндиқлардан бирида ўтириб яна кузатишда давом этаман. Ҳайкал атрофи одамлар билан гавжум. Кимдир диққат билан улуғ инсон сиймосига боқиб турибди. Яна кимдир суратга тушяпти. Одамларнинг ёши ҳам турлича. Нуронийлар, табаррук отахон ва онахонлар, ёшларнинг вакиллари ҳам кўпчиликни ташкил қилади. Янглишмасам, ярим соат вақт ичида 20 нафардан зиёд келин-куёвлар, уларнинг ёр-биродарлари, дугоналари зиёратга келишди, гуллар қўйишди, эсдалик учун суратларга тушишди.

Дарҳақиқат, бу келин-куёвлар мустақиллик фарзандлари – истиқлолнинг илк йилларида таваллуд топган бахтли болаларимиз. Уларнинг эҳтиром ила бу ерга қадам ранжида қилишларида ҳам маъно бор. Ҳаётларидаги энг қувончли лаҳзаларда, бир умрга унутилмас бўлиб қолаётган дамларда зиёратга келиб, мустақиллигимиз асосчиси, фаровон кунларимиз тамал тошини қўйган ҳазрати инсон ҳайкали пойига гуллар қўйишаётгани улар қалбидаги чексиз меҳр-муҳаббат изҳорининг ифодасидир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов ҳайкалининг очилиш маросимида сўзлаган нутқида "Ишончим комил, Ислом Абдуғаниевичнинг ҳайкали қад кўтарган мана шу табаррук маскан халқимиз учун, юртимизга келадиган минг-минглаб азиз меҳмонлар учун муқаддас зиёратгоҳга айланади", деганида нақадар ҳақ эканлигини бугунги кун рўй-рост кўрсатиб турибди. Қалб даъвати, эҳтиром туйғуси ила бу ерга келаётганлар оқими бир зум бўлса-да, тўхтамайди.

Ана 25-30 чоғлик бир гуруҳ ўқувчилар келишяпти. Ёнларида ўқитувчиси ҳам бор. Улар мураббий бошчилигида аввал ҳайкал пойига гуллар қўйишди, сўнгра биргаликда таъзим бажо келтирдилар. Ўқитувчиси уларнинг қуршовида нигоҳларини ҳайкалга қарата нималарнидир гапириб берди. Бари биргаликда эсдалик учун суратга тушдилар.

Ҳа, булар ҳам мустақиллигимиз фарзандлари – келажагимиз эгалари. Ислом Каримов ёшларимиз ҳеч кимдан кам бўлмаслиги учун барча шароитларни яратиб берди. Бу ёшлар давлат раҳбарининг ана шундай меҳрига йўғрилган сиёсати оғушида улғаймоқда, камолга етмоқда. Уларнинг беғубор қарашларида, ҳаракатларида мўътабар инсонга нисбатан беҳад миннатдорлик ҳисларини англаш қийин эмас эди.

Абадий шаҳар

Ислом Каримов сиймосида, унинг нигоҳларида худди ҳаётлик пайтидагидек Самарқандга меҳр акс этиб турганини англагандек бўлдим. Қадди Регистон тарафга юзланган. Нигоҳлари буюк соҳибқирон Амир Темур ҳайкали тарафга қараб турибди. Бунда ҳам қандайдир рамзий маъно бордек гўё. Буюклар сиймосидаги боқишларда эзгулик, хайрли ишларга, бахт-саодатга ундаш ифодасини топади. Дарвоқе, Регистондан унча узоқ бўлмаган Университет хиёбонига ўрнатилган Амир Темур ёдгорлиги ҳам Ислом Каримовнинг ташаббуси билан бунёд этилган эди. 

Бу беназир инсон ташаббуси ва раҳбарлиги билан Самарқандда амалга оширилган ишларнинг кўлами ниҳоятда улкан. 1994 йилда Мирзо Улуғбек таваллудининг 600 йиллиги, 1996 йилда соҳибқирон Амир Темурнинг 660 йиллиги, 1998 йилда буюк муҳаддис олим Имом Бухорийнинг 1225 йиллиги нишонланди. Пайариқ туманида Имом Бухорий мажмуаси барпо қилинди. 

Муқаддас қадамжоларда кенг кўламли таъмирлаш ишлари олиб борилгани, Шоҳи Зинда, Регистон мажмуалари, Руҳобод мақбараси кенгайтирилгани ва ободонлаштирилгани ҳам И.А.Каримов қалбида Самарқандга бўлган меҳр чексизлиги ифодасидир.

Ушбу сатрларни қоғозга тушириш асносида И.А.Каримовнинг Самарқанд ва самарқандликлар ҳақида айтган таърифлари билан қизиқдим. 

"Кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳри бетакрор шарқона руҳи ва қиёфаси, бой тарихи, бу ерда сақланиб қолган ноёб, ҳар қандай одамни ҳайратга соладиган обидалари билан сайёрамизнинг турли ўлкаларида афсонавий шаҳар сифатида маълуму машҳурдир. Мовий гумбазлари миллионлаб сайёҳларни ўзига мафтун этадиган Самарқанднинг Рим қаторида "абадий шаҳар" деган ном билан бутун дунёда шуҳрат қозонгани бежиз эмас, албатта". 

Халқимга таъзим

2007 йилда Самарқанднинг 2750 йиллиги кенг нишонланди. Байрам муносабати билан шаҳар янада ободонлашиб, бир чиройига ўн чирой қўшилди. Юбилейга тайёргарлик ва унинг ўтказилишига И.А.Каримовнинг ўзи раҳнамо бўлди. 

"Муҳтарам Самарқанд аҳли,

қадрдонларим!

Сизларни бугунги қутлуғ байрам билан табриклар эканман, шу қадрдон заминда – она шаҳримда туриб, оқкўнгил, меҳридарё Самарқанд элига, бутун халқимизга бош эгиб таъзим қиламан".

Ҳақиқатан ҳам Биринчи Президентимизнинг доимий эътибори ва саъй-ҳаракатлари натижасида Самарқанд дунёдаги машҳур шаҳарлар сафидан муносиб жой олди. Эндиликда Самарқанд номи ҳақли равишда жаҳоннинг энг катта минбарларида тилга олинмоқда, нуфузли хорижий делегациялар, давлат раҳбарлари ташриф буюрадиган, катта халқаро анжуманлар ўтказиладиган масканга айланмоқда. 

Ислом Абдуғаниевичнинг Самарқандга бўлган меҳри шу замин тақдири учун куюнчаклик билан қоришиқ эди. Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари сессияларини талабчанлик руҳида, қатъият билан ўтказганлари, аччиқ танқидий фикрлар билдирганларига ҳам гувоҳ бўлганмиз. Аслини олганда ана шу танбеҳлар, дашномлар ортида ҳам Самарқанд ва самарқандликларга бўлган чексиз меҳр ётарди, десак ҳечам муболаға бўлмайди. Негаки, давлат раҳбари Самарқанд вилоятини, қолаверса, Ўзбекистоннинг янада тараққий этишини чин дилидан истаб, бутун ҳаётини шунга бағишлаганини барчамиз яхши биламиз. 

Ҳайкал рўпарасида ўтириб, Биринчи Президент билан боғлиқ яна бир ширин хотира ёдимга тушди. 2002 йил 15 октябрь куни Ислом Каримов амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бориши билан танишиш мақсадида вилоятга ташриф буюрди.

Ташрифни ёритувчи тележурналистлар сафида мен ҳам бор эдим. Президент аввал Жомбой туманида, сўнгра Пайариқ туманидаги Алишер Навоий номли ширкат хўжалигида деҳқончилик ишларининг аҳволи билан танишди, пахта далаларини бориб кўрди, соҳа вакиллари билан суҳбатлашди. Шу мулоқотлар мобайнида ҳосилдорликни ошириш, сифатини яхшилаш, пахта навларига эътиборни қаратиш ҳақида гапирдилар. Айниқса, аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш, ободончилик борасидаги ишларни кучайтириш бўйича қимматли маслаҳатларини бериб, раҳбарлар олдидаги вазифаларни белгилаб берди.

Ландшафт архитектураси нима?

Давлат раҳбари кейин Самарқанд шаҳридаги янги қурилган "Суғдиёна" истироҳат боғига ҳам ташриф буюрди. Улуғ меҳмон боғнинг ўртасидаги йўлакдан аввал ўнг томонга диққат билан разм солди. Бу ердаги аквапарк у кишида қизиқиш уйғотди. Сўнгра кўл сувининг доимий янгиланиб туриши ҳақида фикр билдирдилар. Ўнг томондаги манзаралар ҳам Ислом Каримовга маъқул келди. "Яхши жой бўлибди, келгусида одамлар бу ерда мириқиб дам олишади", деди ва биз журналистларга юзландилар. "Мана сиз ҳам самарқандликсиз", дедилар ҳамкасбларимиздан бирига қараб. "Дунё тажрибасида ландшафт архитектураси деган гап бор. Қани айтинг-чи, бу нима дегани?". Президент жавобни кутиб турмай ўзи ландшафт меъморчилиги, ривожланган мамлакатларда, катта шаҳарларда бунга алоҳида эътибор қаратилишини тушунтириб бердилар ва буни албатта, ҳисобга олиш лозимлигини таъкидладилар.

Ҳозирги пайтда мен шу истироҳат боғига яқин ҳудудда истиқомат қиламан. Кунига ёки кун ора эрта тонгда истироҳат боғига бораман. Доимий шерикларим бор. Бири кўп йиллар шифокорлик қилган Бахтиёр ака, иккинчиси узоқ йиллар қишлоқ хўжалик институтида ўқитувчи бўлиб ишлаган Раимқул ака. Бу ерда биз сингарилар кўпчилик. Улар орасида йигит-қизлардан тортиб, ўрта ёш ва кексалар ҳам бор. Боғни камида икки давра айланамиз. Ҳавоси тоза, ёқимли, айниқса, эрта тонгда тамоман ўзгача бўлади. Баъзи дарахтлар, гуллардан таралаётган бўй кишига янада ёқимли туюлади, димоғларни қитиқлайди. Ранг-баранг гуллар, турфа дарахтлар, болалар учун қурилган аттракционлар кўзингизни қувонтиради. Биринчи Президент айтган ландшафт меъморчилигининг амалдаги намунаси шу бўлса керак. 

Бугун эслаганларимиз, хотирамиздан ўтказганларимиз улкан уммондан бир томчи, холос. Хиёбондан қайтаётиб руҳимда бир енгиллик, фахр ила ул зот сиймосига назар ташлайман. Назаримда у Ўзбекистон халқининг ярим асрлик жасорати ва матонатига, шу халқни бунёдкорликка чорлаган фидойи инсон муҳаббатига қўйилган ҳайкалга ўхшайди.

Амрилло АҲМЕДОВ, 
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси.