ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

ОҚСАРОЙ (Ислом Каримов ҳайкали олдида кечган ўйлар)


16.11.2017

Бундан бир йил олдин бошимизга тушган оғир мусибат туфайли ҳувиллаб қолган Оқсарой қароргоҳи бугун Ислом аканинг меҳрли сиймоси туфайли янада очилиб, нурафшон бўлиб, эл-юртимизни ўз бағрига чорламоқда.

...Ишонаман, Ислом Абдуғаниевичнинг муҳташам ҳайкали қад ростлаган ушбу қутлуғмаскан халқимиз, барча ёшларимиз учун Ватанга юксак меҳр ва садоқат кўрсатиб яшашнинг чинакам тимсолига айланади, катта тарбия ва ибрат мактаби бўлиб хизмат қилади.

Шавкат МИРЗИЁЕВ

 

Бутунлик

Бир йилдан ошдики, Ўзбекистон Ислом Каримовсиз ҳаёт кечиряпти. Бироқ бу буюк давлат ва сиёсат арбоби бошлаган эзгу ишлар изчил давом этмоқда. У барпо этган давлат равнақ топмоқда. Халқ ўз раҳнамоси асослаб берган йўлдан оғишмай олға қадам ташлаётир. Биринчи Президентимизнинг руҳи ҳамиша хал­қимиз билан бирга. Чунки мус­тақиллик ва Ислом Каримов – бир-бирига чамбарчас боғлиқ, бирини иккинчисидан асло ажратиб бўлмайдиган бир бутун тушунчадир. Ўн йиллар ўтар, юз йиллар ўтар, бу фикр мустаҳкамлангандан мустаҳкамланиб бораверади.

 Табаррук маскан

2016 йил октябрда Ислом ­Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фонди тузилди. 2016 йил 2 декабрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Буюк давлат ва сиёсат арбоби, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом ­Абдуғаниевич Каримов сиймоси тасвирланган ҳайкални яратиш бўйича халқаро ижодий танловни ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Шу йил 25 январда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбе­кис­тон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич­ Каримов хотирасини абадийлаштириш тўғрисида”ги қарори имзоланди. Қарор асосида, Ислом Каримов кўп йиллар давомида фаолият олиб борган Тошкент шаҳридаги Оқсарой қароргоҳида Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси ташкил этилди. Шунингдек, ҳар йили Биринчи Президентимиз таваллуд топган 30 январь кунини нишонлаш, у кишини ёд этиш мақсадида 2 сентябрь  кунини Хотира куни сифатида нишонлаш белгиланди.

1990 йилнинг 20 июнида Мус­тақиллик Декларациясини қабул қилган Ўзбекистон ССР Олий Советининг иккинчи, шунингдек, 1991 йил 31 августда Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллиги эълон қилинган 12-чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг навбатдан таш­қари олтинчи сессияси ўтган мажлислар зали ҳам Ислом ­Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси таркибига киради. Келажакда мамлакатимиз фуқаролари, хорижлик меҳмонлар ана шу табаррук мажмуани зиёрат қилар экан, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Каримов  фаолият олиб борган тарихий шароит билан яқиндан танишиш имконига эга бўлади.

Шу йилнинг 31 август куни 1999 йили бунёд этилган Оқсарой қароргоҳи олдида Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов ҳайкали очилди. Президентимиз ­Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг ана шу ҳайкали очилишига бағишланган тантанали маросимдаги сўзида Оқсарой қароргоҳини табаррук маскан дея таърифлади. 2 сентябрь куни эса бу улуғ зот туғилиб ўсган  Самар­қанд шаҳрида ҳам унинг ҳайкали ўрнатилди.

2018 йилнинг 30 январи – Ислом Каримов таваллудига 80 йил тўлган куни у ишлаган Қашқа­дарё вилоятининг маркази бўлмиш Қарши шаҳрида ҳайкал очилади, Самарқанд шаҳрида ёдгорлик мажмуаси барпо этиш ишлари тўла охирига етказилади.

Амир Темур пойтахтлари

Амир Темур ўзи тузган давлатни дастлаб Шаҳрисабзда туриб бошқарган эди. Кейин пойтахтни Самарқандга кўчирди. Чунки Шаҳрисабз унча катта шаҳар эмасди, бу шаҳарга тоғ ошиб, довон орқали бориш керак, учинчидан, Самарқанд эса Буюк ипак йўлининг марказий чизиғи устида эди.

Бу ҳақда Заҳириддин Муҳаммад Бобур шундай  ёзади: “Яна Кеш вилоятидур, Самарқанднинг жанубидадур, тўққуз йиғоч йўлдур. Самарқанд била Кеш орасида бир тоғ тушубтур, Итмак добони дерлар, сангтарошлиқ қилур тошларни тамом бу тоғдин элтарлар. Баҳорлар саҳроси ва шаҳри ва боми ва томи хўб сабз бўлур учун Шаҳрисабз ҳам дерлар. Темурбекнинг зоду буди (туғилган ери С. О.) Кешдин учун шаҳр ва пойтахт қилуриға кўп саъй ва эҳтимомлар қилди, олий иморатлар Кешта бино қилди. Ўзига девон ўлтурур учун бир улуғ пештоқ ва яна ўнг ёнида ва сўл ёнида тавочи (ҳокимС. О.) беклари била девон беклари ўлтуруб, девон сўрар учун икки кичикроқ пештоқ  қилибтур. Яна саврун эли ўлтурур учун бу девонхонанинг ҳар зилъида (қовурғасидаС. О.) кичик-кичик тоқчалар қилибтур, мунча олий тоқ оламда кам нишон берурлар. Дерларким, Кисро тоқидин бу бийикрактур. Яна Кешда мадраса ва мақбара қилибтур. Жаҳонгир Мирзо ва яна баъзи авлодининг мақобири андадур. Чун Кешнинг қобилияти шаҳр бўлмоққа Самар­қанд­ча эмас эди, охир пойтахт учун Темурбек Самарқандни-ўқ ихтиёр қилди”.

“Улуғ пештоқ” деганда буюк адиб айнан Шаҳрисабздаги Оқсаройни кўзда тутган. 

Туркий давлатчилик тарихида Оқсарой номи кўп учрайди.

Шаҳрисабздаги Оқсарой

Биринчисини Шаҳрисабзда 1380–1404  йиллар мобайнида Амир Темур қурдирган. Тарихчилар баландлиги 71 метр келадиган дунёга машҳур бу ёдгорликни Соҳибқирон онасининг хотираси учун бунёд этганини битишади. Бу кошона пештоқига: “Кимки бизнинг шон-шуҳратимизни кўрмоқчи бўлса, биз барпо этган иморатларга назар солсин”, – деб ёздирган. Оқсаройнинг 38 метри сақланиб қолган.

Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов бу буюк иморат ҳақида шундай ўлмас сатрларни битган:

Қанча жаҳонгирлар изсиз йўқолди,

Мозий барчасини бағрига олди.

Нияти оқ экан Соҳибқироннинг,

Ундан мангу ёдгор — Оқсарой қолди.

Кўрган кўзлар таърифи

Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома”сидаги “Соҳибқирони саодатманд Кеш қалъасини солиб, Оқсарой иморатини буюр­ғони” фаслида Амир Темур қурдирган  Оқсарой, жумладан, шундай таърифланади: “Сичен (маймун) йилда – тарих етти юз саксон бирда (1380, март) ул шаҳар­ға қалъа солдурди ва жаҳдлаб, тамом қилдурди ва андоқ шаҳар бўлдиким, гардун муҳандиси мунча ёши билан оламни кезиб, ҳеч бир ерда мундоқ шаҳар ва кўшк кўрмаган турур”. Олим Оқсарой қурилишининг бошланиши ҳақида қуйидагича шеърий сатрлар ҳам битади:

Ердан то само қадар  кўтарилган янги Ой,

Номи ила аталди танҳо гўзал Оқсарой.

Асарда Соҳибқирон Амир Темур беш йиллик музаффарона  юришлардан кейин Шаҳрисабзга келиши ҳам тасвирланган. “Соҳибқирони комкор беш йиллик юришдин қайтиб, Самар­қанд бориб тушкони” фаслида шундай ёзади:  “Подшоҳзодалар ва беклар барча Оқсаройда тўй этиб, айшу ишратқа машғул бўлдилар ва андин саодат ва иқбол била кўчуб, Кеш уқбасидин ўтуб, Самарқанд шаҳриға бориб тушти”.

Оқсарой, хусусан, испан элчиси Рюи Гонзалес де Клавихони ҳайратга солган. У бу ғаро­йиб иморатни ўз кундаликларида шундай тасвирлайди:

“Саройга жуда узун йўлакдан, бағоят баланд дарвоза орқали кирилади... Ҳовлининг ўртасида катта ҳовуз жилоланиб турибди. Ҳовли саҳнининг кенглиги уч юз қадам келади... Қабулхона деворлари ҳам олтин, ложувард ва кошинлар билан моҳирона безатилиб, устига тилла суви югуртирилган. Бу ерда элчиларни юқори қаватга олиб чиқдилар. Бу қаватда бошдан-оёқ зарҳалланган бўлма ва ҳашаматли хоналарни шу қадар кўп кўрсатишдики, таърифини адо қилиб бўлмайди. Бўлма ва  хоналарга зарҳал, зангори ва бошқа бўёқлар билан заргарона ҳал берилган, безаш ишларининг барчаси олтин, ложувард ҳамда қимматбаҳо тошлардан қилинганки, чевар усталарга эга бўлган Париж ҳам бу нақшлардан ҳайратга тушиши ҳеч гап эмас”.

Оқсаройнинг янги умри

Оқсаройнинг муайян парчасигина, аниқроғи, улкан пештоқи, икки чеккасидаги минораси, сарой пойдеворининг бир қисмигина сақланиб қолган, холос. Шунинг маҳобати ҳам кишини лол этади. Ёнида 1996 йили Амир Темур таваллудининг 660 йиллиги муносабати билан Соҳиб­қирон ҳайкали ўрнатилди. Унинг очилишида Ислом ­Каримов шундай деган эди: “Мана шу қаршимизда турган Оқсарой ҳар биримиз учун тарихимизнинг азиз ва мўътабар ёдгорлигидир. Бу улуғ бино ҳам мустамлакачилар тажовузининг қурбони бўлганини яхши биласиз. Соҳибқироннинг улуғвор ҳайкали айнан Оқсарой олдида қад ростлагани бежиз эмас. Бунинг ўзига хос чуқур рамзий маъноси бор”.

Шаҳрисабздаги Оқсарой ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган.

Оқсарой номи ҳамон яшаяпти: Шаҳрисабзда “Оқсарой тўқимачи” Ўзбекистон – Туркия – Япония қўшма корхонаси  фаолият юритади.

Самарқанддаги Оқсарой

Самарқандда Абу Саид Мирзо (1449 – 1469) ҳамда Султон Аҳмад Мирзо (1469 – 1494) ҳукмронлиги даврида темурийларнинг сўнгги даҳмаси сифатида бунёд этилган иморат ҳам Оқсарой деб аталган.

Ворисийлик ва мутаносиблик

Ислом Каримов ташаббуси билан 1999 йили Тошкент шаҳрида ўша пайтдаги Ўзбекистон Республикаси Президенти девони ҳудудида давлат раҳбарининг қароргоҳи бунёд этилди. Тарихий давлатчилигимиз анъанасидан келиб чиққан ҳолда унга Оқсарой деб ном берилди.  Ислом Каримов  то умрининг охирига қадар шу қароргоҳда ишлади. Яна тарихга қайтиб И.Каримов фаолиятини таҳлил этадиган бўлсак, у кишининг бунёдкорлик ғояларининг ҳар бирида ўзига хос маъно кўрамиз. Амир Темур Самарқандда ҳам сарой қурдирди. Ва уни “Кўксарой” деб атади. Орадан 6-7 аср ўткач эса Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тошкент вилоятидаги Дўрмон қишлоғида ­бунёд этилган қароргоҳига ҳам Кўксарой деб ном берилди.

Амир Темур давлати билан мустақил Ўзбекистон давлати ўртасидаги бу вобастликлар замиридаги ғояни англаш қийин эмас, албатта. Амир Темур салтанати ўзбек миллий давлатчилигининг энг гуллаган даврини ташкил этади. Мустақил Ўзбекистон Республикаси эса ана ўша миллий давлатчилик анъаналарига суянади, у, биринчи галда, Соҳибқирон Амир Темур давлатининг вориси ҳисобланади.

Ҳиротдаги Оқсарой

“Бобурнома”нинг икки жо­йида “Оқсарой” сўзига дуч келамиз. Биринчисида муаллиф Хуросон (ҳозирги Афғонистон)­даги Қорабоғ деган жой ёнидаги Оқсарой ўлангини тилга олади. Шундан келиб чиқиб, бу ерда Оқсарой номли яйлов назарда тутилган, дейиш учун асос бор.

Иккинчисида Бобур 1506/1507 йили йигирма кун Ҳиротда бўлганида зиёрат қилган жойларини санар экан, бундай жойлар қатори “Султон Абусаид мирзо солғон дарвозайи Ироқнинг тошида Оқсарой”ни ҳам тилга олади. Бу парчада бугунги ўқувчи учун аниқлаштириб олиш керак бўлган бир жиҳат бор: Султон Абусаид мирзо дарвозайи Ироқни қурдирганми ёхуд Оқсаройними? Ҳойнаҳой, бу темурий ҳукмдор шаҳар қалъаси ташқарисида Оқсарой қурдирган бўлиши керак, деб ўйлаб  турганингизда Алишер Навоийнинг “Мажолис ун-нафоис” тазкираси ёрдамга келади. Унда Мавлоно  Ишқий таърифлана туриб, “Султон Абу Саид Мирзо Оқсаройни ясаганда иморатнинг китобаси учун шуароға шеър буюр”ганини ёзади ва бу “иморат таърифида анинг шеъри яхши туш”ганини ҳам қайд этади.

Туркиядаги Оқсарой шаҳри

Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома” асарида Амир Темур эгаллаган шаҳарлар орасида Оқсарой ҳам тилга олинади. Бу – ҳозирги Туркия Республикасининг Ичкари Онадўли  деб юритиладиган қисмидаги шаҳар. Бу асарда Амир Темур Боязид Йилдирим ўн икки йил бандиликда сақлаган Амир Муҳаммадни озод қилиб, унга кўп шаҳар ва вилоятларни, жумладан, Оқсарой ва Оқшаҳр шаҳарларини ҳам берганини ёзади. Туркия марказий ҳудудларидаги  Оқсарой деган шаҳар ҳозир ҳам шу ном билан юритилади.  Демак, Туркияда Оқшаҳр деган шаҳар ҳам бўлган.

Хивадаги Оқсарой

Хива хони Абулғозий Баҳодирхон (1686 – 1688) Хивадан 1 фарсах (6-7 км) масофадаги  Оқсаройда ўзига қароргоҳ қурдирган. Кундузлари ўша ерда бўлиб, тунлари Хивага қайтган. 1688 йили Хивадан Оқсаройга бораётганида Бадрхон ариғи кўпригидан ўтаётганида отдан йиқилиб, ҳалок бўлган.

Қўқондаги Оқсарой

Абдулла Қодирий қаламига мансуб  “Меҳробдан чаён” романининг “Зулм ўчоғи” номли фаслида муҳим далилга дуч келамиз: “Худоёрхонға 1283-нчи йилда учунчу мартаба тахтка чиқиш насиб бўлди. ...1285-нчи йилда Қўқоннинг Урганч мавзеъи­да машҳур Оқсаройни солдирди, узоқ жойдан ариғ қазитиб келиб, Оқсарой атрофини суғортирди”. Бу Қўқондаги ўрда эмас. Чунки шу асарда бу иморатнинг бунёд этилиши ке­йинроқ амалга ошгани битилади: “1286-нчи ...Амир Умархон тарафидан асоси қўйилған маълум янги ўрдани ҳам теварагида боғ ва гулзорлари билан ишлатиб, битирди”. Асарнинг “Қирқ қизлар” фаслида Худоёрхоннинг 155 канизи бўлгани, улардан 14 нафари Оқсаройда хизмат қилгани ҳам ёзилган.

Тошкентдаги Оқ уй

Тошкентнинг Мустақиллик майдонидаги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати жойлашган бино ўрнида Туркистон генерал-губернаторининг қароргоҳи бўлган. Уни “Оқ уй” деб аташган. Бу “Оқ уй” биноси 1918 йили Ўрта Осиё  музейига айлантирилган. Кейинчалик “Оқ уй” ўрнида ҳукумат уйи қурилган. 2004 йили шу ҳукумат уйи ўрнида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати биноси қад ростлади.

Бухородаги Хонайи сафед Оқ уй

Самарқанд тарафдан Бухорога кираверишда йўлнинг чап тарафида, дастлаб Амир Насруллохон даврида қурилиши бошланган, Амир Олимхон замонида охирига етказилган Ситорайи Моҳи хоса қасри бор. Амир ёз маҳаллари мамлакатни шу саройдан туриб бошқарган. Асосий иморатнинг сўнгида  тахтхона бор. Амир ўша ерда ўтирган. У Хонайи сафед, яъни Оқ уй деб аталади.

Умуман, ана шу мажмуа ҳам, ундаги Оқ уй ҳам  ХХ аср бошларидаги миллий санъатимизнинг энг ажойиб, энг гўзал меъморий намунаси ҳисобланади.

Кремлдаги “Оқ уй”

Ҳукмдорлар қароргоҳининг имкон қадар оқ бўлишига эътибор катта  бўлган. Москва Кремли дастлаб XI – XII асрларда кичик бир тепалик сифатида барпо этилган. 1339 – 1340 йиллари  девор ва миноралари дубдан ва оқ тошдан қайта қурилган. Шунинг учун 1367 йилдан бу қалъа “Оқ тошли Москва” деб ҳам аталган. Кремлнинг ҳам махсус хонаси “Оқ уй” деб аталади.

Вашингтондаги Оқ уй

АҚШ Президентининг қароргоҳи айнан Оқ уй деб юритилади. У 1800 йили қурилган. Бу қароргоҳнинг Оқ уй деб номланиши замирида ҳам айнан Шарқ халқлари тарихидаги қадим анъаналарга суянилганига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Бинобарин, уйғур тилига ана шу Оқ уй ҳам  Оқсарой деб таржима қилинади.

Остонадаги Оқўрда

Қозоғистон Республикаси пойтахти Остонада Оқўрда барпо этилган. У Қозоғистон Республикаси Президентининг қароргоҳи ҳисобланади. Бу ном ҳам қозоқ давлатчилиги учун тарихий илдизга эга. Олтин Ўрданинг Чингизийлар авлодидан бўлган Ботухон ва унинг авлодлари томонидан бошқарилган бир қисми Оқўрда деб юритилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев шу йилнинг 22 – 23 март кунлари давлат ташрифи билан Қозоғистон Республикасининг пойтахти Остона шаҳрида бўлди. 23 март куни Қозоғистон Республикаси Президентининг Оқўрда қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президентини расмий кутиб олиш маросими ўтказилди.

Тиғиз  боғлиқликлар

“Оқсарой”, “Оқўрда”, “Оқ уй”, “Оққўрғон”, “Оқтепа” деган жой номлари ўртасида ўзаро тиғиз  боғлиқликлар бор.

Масалан, туркий “ўрда” сўзининг маъноси форсий “сарой” сўзи маъносига айнан мос келади. Шунинг учун “Оқсарой” билан “Оқўрда” бир хил маънони ифодалайди. Айрим мамлакатларда давлат бошлиғи қароргоҳи, баъзиларида эса ҳукмдор ўтирадиган хос хонасигина “Оқ уй” деб аталишини кўриб ўтдик. Қозоғис­тон Республикасининг бир вилояти Оқтўба деб юритилади. Мамлакатимизда  ҳам Оқтепа деган жой номи жуда кўп учрайди. Биргина Тошкент шаҳрининг ўзида Чилонзор, Кўкча, Юнусобод Оқтепалари бор. Мантиқан шу тепаликларда бир пайтлар  қабила бошлиғи, бек, амир ёки хон...  ўтирган ва ўша ердан туриб муайян ҳудудни бошқарган бўлиши керак. Нега бўлмаса айнан Оқтепа дейилган? Бу ердаги “оқ” сўзи айнан ана шу сарой, бошқарув маъносини англатиб келган бўлса, ажаб эмас. Бизнингча, “Оққўрғон” ва “Оқтепа” жой номлари ҳам мантиқан ўша қўрғон ёки тепанинг рангидан келиб чиқиб қўйилган эмас.

Тахминимиз ва Навоий исботи

Хўш, “оқ уй” қўшма сўзи нима маънони англатади?

Филология фанлари номзоди Бердақ Юсуповнинг фикрича,  Навоий  “Муҳокамат ул-луға­тайн”­даги: “Бир мутааййин нимаким, “оқ уй”дур, анга “хиргоҳ”  от қўюптурлар. Аммо анинг ажзосининг кўпини турк тили била айтурлар. Андоқки, “тунглук” ва “узук” ва “тўрлуғ ва “босруғ ва “чиғ ва “қанот” ва “кўзанак” ва “увуғ ва “боғиш” ва “бўсаға” ва “эркина” ва ало ҳоз ал-қиёс”, – деган парчада “оқ уй” сўзини “ўтов” маъносида  қўллаган. Қизиғи, Бухоро томонларда “ўтов”ни “қора уй” дейишади. Шоир Шодмонқул Салом “ўтов”  сўзи ўрнига “қора уй” ҳам ишлатилишини ёзишига қараганда, Сурхондарё томонларда ҳам – шундай. Чунки аксар ўтовлар қора жундан тўқилган кигиз, яъни наматдан тикланади. Ўзи қора қўй кўп бўлади, оқ қўй – кам. Шунинг учун оқ жун ноёброқ ҳисобланади. Шундан хулоса қилиш мумкинки, “оқ уй” ҳам, “қора уй” ҳам кўчманчи уруғлар яшаш макони бўлган намат, яъни кигиздан қуриладиган ўтовни билдиради.

Бироқ бир тахминий фикримиз бор. Қабила бошлиқлари, уруғ раҳбарлари, ҳокимлар  яшайдиган уйлар оқ кигиздан, бошқалар истиқомат қиладиган уйлар қора кигиздан кўтарилган бўлиши керак. Бу ажралиб туриш учун қилинган. Чунки атроф қайси уйда бошлиқ яшаётганини узоқдан ҳам билиб турган бўлиши керак. Бу ўтов танланган майдондаги бошқа ўтовларнинг марказидан – энг ўртадан жой олган. Ҳатто, оқ ўтовни ўрнатиш учун атайлабдан  қумлик жой танланган ҳам бўлса, ажаб эмас. Чунки хоҳ отлиқ, хоҳ пиёдалар йиғилиб, ҳукмни эшитиши учун шундай қумлик – жуда қулай. Ёғингарчилик кунлари балчиқ бўлиб кетмайди. Форс-тожик тилида “қум”ни “рег” де­йишади. Қумлоқ ерни эса –  “регистон”. Пойтахт шаҳарлардаги “Регистон” деган жойларнинг бўлиши ҳам – шундан. Бизнингча, айнан шу ерда ҳукмдор очиқ йиғинлар ўтказган. Бухоро шаҳрида айнан амирнинг арки кириш дарвозаси олдидаги кенг майдон “Регистон” деб аталган. Шаҳрисабзда Амир Темур даврида асосий майдон – Регистон ҳам бўлган.

Аммо булар – тахмин, холос. Исбот учун ҳужжат керак. Тарихий манбаларгина ҳужжатга ўтади. Ана шундай ишончли далил топилмагани учун ҳам ушбу мақола кўп йилдан бери қоғозга тушмай келаётган эди. Беморга битта таҳлил ташхис бўлмагани каби, бир асарни ҳам бир ўқиганда ундаги барча сирлардан воқиф бўлиш иложсиз. Кутилмаганда буюк Алишер Навоийнинг “Наводир уш-шабоб” девонидаги  223-ғазалидаги “оқ уй” ифодасига дуч келинди:

Тожварлар оқ уйида сокин ўлса аҳли ишқ,

Уйладурким, булбулу ҳудҳудға бўлғай бир қафас.

“Тожвар” сўзи “подшоҳ”  маъносини англатади. Подшоҳлар оқ уйида ишқ аҳли сокин бўлса, бу худди булбул билан попишакни бир қафасга қамаганга ўхшайди, дейди шоир. Бундан оқ уй – подшоҳлар истиқомат қиладиган маскан экани бутунлай исбот топди.

Анчадан буён хаёлимда ана шундай исботланмаган бир фикр айланиб юрганди, буни ошкор қилишга кўнгилнинг туб-тубида бир истиҳола бор эди. Шундай кунларнинг бирида Алишер Навоийнинг “Сабъайи сайёр” достони қайта ўқилди.  Асар асосий воқеасидан хабари бор киши яхши биладики, овдаги маҳоратини мақтамагани, яъни бунга машқ билан эришиш мумкинлигини айтгани учун кайф ҳолатда бўлган Баҳром суюкли рафиқаси, яъни Дилоромни қаттиқ  жазолайди.  Аввал уни ўлдирмоқчи бўлади. Аммо баъзи аъёнлари аёл кишини қатл этиш яхши эмаслигини айтишади. Кейин уни сувсиз бир биёбонга олиб бориб, ўзини сочига боғлаб, ташлаб келишади. Эрталаб шоҳ ҳушига келиб, ёрини сўрайди. Аҳволни билгач, ўша дашту биёбонга рафиқасини излаш учун бормоқчи бўлади. Лекин тожу тахт номуси ҳам, эл-улус хижолати ҳам бунга йўл қўймас эди. Учинчи куни беихтиёр туриб, овга чиққани дашт сари йўл солади. Аёлини излашга тушади. Тополмайди. Аъёнлари ҳам бирга борган эди. Оҳу вовайло чекади. Дунёни унутиб, ўша чўлда афғон чекиб, қолиб кетади. Халқ ҳам подшоҳ кетидан чўлга кўчади. Аъёнлари ноиложликдан ўша ерда унга оқ уй тиклаб беришади:

Гарчи тун бўлди халқ аро парда,

Тиктилар оқ ую саро парда.

Шу тариқа шоҳ жойлашган оқ уй атрофидан эл-улусни йироқлаштиришади:

Сурдилар теградин улусни йироқ,

Хосият буйла берди шоми фироқ.

Шу биргина парча ушбу сатрлар муаллифининг узоқ йиллардан бери келган тахминий хулосасини исботлади. Подшоларнинг ўтови ажралиб туриши учун кўчманчи эллар оқ кигиздан ўтов тиклагани рост бўлиб чиқди.

Хулоса

Ҳар ҳолда, бугунги кунда давлат раҳбари қароргоҳини Оқ уй деб аташ билан боғлиқ тарихнинг пойдеворини айнан ўзбек давлатчилигидан излаш кераклиги кундек аён бўлган кўринади.

Бу – табиий. Ахир, башарият тарихида буюк Соҳибқирон бобомиз барпо этган темурийлар давлатидан буюкроқ давлат бўлганми ўзи?! Оқсарой тарихи билан боғлиқ бу таҳлиллар шуни кўрсатадики, агар ўзбек миллий давлатчилиги соқит қилинса, умумбашарият давлатчилиги тоқи қулаб тушса, ажаб эмас.

Буюк давлат ва сиёсат арбоби, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов ўз қароргоҳига ном танлашда айнан шундан келиб чиқиб иш тутган.

Мустақиллик бизга шу сўзларни бутун дунёга баралла айтиш имконини берди.

Султонмурод ОЛИМ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,

Ўзбекистон Республикаси халқ таълими аълочиси

Манба: "Маърифат" газетаси